Том маънода янгиланаётган Сардоба
Жорий йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омборида юзага келган тошқин оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидан 89 минг 450 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган эди.
Жорий йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омборида юзага келган тошқин оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидан 89 минг 450 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган эди.
Бугунги кунга қадар уларнинг 80 минг 64 нафари, яъни 89,5 фоизи уйларига қайтарилди. Қолган 8 минг 199 нафар аҳоли эвакуация даврида кўчирилган ҳудудларда вақтинча яшамоқда. Маълумотларга кўра, уларга ҳудудда қурилаётган кўп қаватли турар-жойлардан хонадонлар ажратилган.
Ишчи гуруҳлар томонидан талафот кўрган ҳудудларда олиб борилган ўрганишда 4 минг 710 та хонадонга зарар етгани, жумладан, 2 минг 211 таси яроқсиз, 2 минг 499 таси эса таъмирталаб ҳолатда эканлиги аниқланганди.
– Президентимиз ташаббуси билан зарар кўрган ҳудудларни қисқа муддатда таъмирлаб, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар томонидан таъмирлаш ишларига 170 га яқин техника, 670 дан ортиқ пудратчи корхона ва 2 минг 500 нафарга яқин қурувчи-мутахассис жалб қилинди, – деди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Зафар Мирраҳимов.
– Сардоба туманидаги Юртдош маҳалласида намунавий лойиҳа асосида қурилган 48 та уй, 6 та хизмат уйи капитал таъмирланди. Дўстлик маҳалласида 275 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ва 660 ўринли умумтаълим мактаби биноси қурилмоқда. Шунингдек, ҳар бири 500 ўринга мўлжалланган 3 та масжид барпо этилмоқда. Зарар кўрган 7 та қабристонда таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Давлат хизматлари агентлиги томонидан фуқароларнинг йўқолган ва зарар кўрган жами 8 минг 239 та ҳужжати қайта тиклаб берилди.
Айни пайтда Сардоба туманида олиб борилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишдик. “Дўстлик” МФЙнинг обод, равон кўчалари бизни 81 ёшли Жавлон бобо Жўраев ҳовлиси томон бошлади. Жавлон бобо бизни таъмирдан чиққан уйига таклиф қилди.
– Ўша машъум воқеа юз берган вақтда барчамиз катта йўл томонга қараб юрдик, – дея хотирлайди Жавлон бобо. – Уйдан ҳеч нарсани олиб кетишнинг имкони йўқ эди. Жонимиз омон қолганига шукр қилиб, Зафаробод туманидаги укамнинг уйига бордик. Ўн хўжалик ўша ерда маълум вақт яшадик. Бу фалокат биз учун катта синов бўлди. Орадан маълум вақт ўтиб, иккинчи ўғлим уйимизни кўриб кетди.
У ерда яшаб бўлмайди, иморатни қайтадан кўтариш керак, деди. Қадрдон жойдан кетиб бўладими? Қишгача ҳеч бўлмаса бир хонасини бўлса ҳам таъмирлаб олмоқчи эдик. Бошимизга тушган бу синов бошқаларни ҳам эътиборсиз қолдирмади. Президентимиз ёрдами билан қисқа вақт ичида уйимиз қайта таъмирланди. 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалар берилди. Маҳалламизда йигирма йилдан буён табиий газ йўқ эди. Уни ҳам улаб беришди. Ишонаверинг, уйимиз олдингидан ҳам файзли бўлди. Шундоққина ёнимизда, қишлоқнинг қоқ ўртасида каттагина шаҳарча қурилди.
Дўстлик маҳалласида қисқа вақт ичида 37 та 5 қаватли уй-жой қад ростлади. 34 гектар майдонда барпо этилган ушбу шаҳарчадаги кўп қаватли уйларда жами 1 минг 480 хонадон мавжуд. Лойиҳа қиймати 479,5 миллиард сўм бўлиб, тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.
– Бино асосан қуйма темир-бетон технологияси асосида қурилган бўлиб, бу зилзилага ўта бардошли ҳисобланади, – дейди қурилиш объектининг меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бошлиғи Бобошер Баратов. – Энергия тежамкор панеллардан фойдаланилган. Панелларнинг афзаллиги шундаки, хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Бинонинг деярли барча маҳсулотлари маҳаллий ҳисобланади. Бинода электр энергия, табиий газ, ичимлик ва оқова сув таъминоти мавжуд. Ҳудудда 1 та маҳалла гузари, 7 та болалар майдончаси бор.
Маҳаллада истиқомат қилаётган хотин-қизлар узоқ манзиллардан иш излашига ҳожат йўқ. Шу ерда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Сардоба Оқсарой текстиль” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди.
– Ҳозирги кунда корхоналаримизда 3 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаганмиз, – деди “Оqsaroy group” МЧЖ таъсисчиси Даврон Ваҳобов. – Қашқадарё вилоятида пахта етиштирамиз ва ўша ерда пахта хомашёси қайта ишланиб, ип-калава ҳолатига келтирилади. Тошкент шаҳрида уларга ранг берилиб, корхонанинг бошқа филиалларида мато ҳолатига келтирилади. “Сардоба Оқсарой текстиль” МЧЖда 650 янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда ишчиларни қабул қиляпмиз.
Корхона маҳсулотлари Россия ва Украинага экспорт қилинади. Бино қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши учун барча шароит яратилган. 2020 йил якунига қадар тўлиқ қувватда ишлаши кутилаётган корхона томонидан йилига 1,4 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Талафот кўрган ҳудудларнинг тошқиндан олдинги ҳолатини, инфратузилмасини билган, кўрган киши ҳозирда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, бағрикенглигига тан бериши, шубҳасиз. Бу ўзгаришларни ҳис қилган ҳар бир инсонда эртанги кунга бўлган ишонч ортиб бораверади.


