Толадан тайёр маҳсулотгача ...
Ўтган даврда цехда 2 минг 885 тонна ип калава ишлаб чиқарилди.
Бухоро вилоятида фаолият кўрсатаётган “Bukhara Cotton Textile Cluster” кўптармоқли хорижий корхонаси юртимизда кластер тизимида пахта ҳосилини етиштиришдан то уни чуқур қайта ишлашгача бўлган жараённи ўзида мужассамлаштирган ноёб субъект ҳисобланади.
Вилоят марказидаги Ўзбекистон – Буюк Британия “Bukhara Cotton Textile” қўшма корхонаси мазкур тузилманинг муҳим охирги бўғин лойиҳаси сифатида аҳамиятлидир. У “Bukhara Cotton Textile Cluster”нинг Ромитан туманидаги агрокластерида етиштирилган пахтадан ўша ернинг ўзидаги пахта тозалаш заводида олинган толасини чуқур қайта ишлайди.
– Корхонамиз бино ва иншоотларини қуриш, цехларни замонавий технологик дастгоҳлар билан жиҳозлаш лойиҳаларини амалга оширишда ҳозиргача 75 миллион доллар эквивалентлигидаги инвестиция ўзлаштирилди, – дейди “Bukhara Cotton Textile” бош директори Олим Жумаев. – Мазкур сармоя Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилган 30 миллион 454 минг доллар ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг 4 миллион 153 минг доллар миқдоридаги имтиёзли кредитлари, шунингдек, лойиҳа ташаббускорларининг 35 миллион 393 минг доллар эквивалентига тенг 208,2 миллиард сўмлик маблағидан иборат. Корхонада жаҳоннинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган энг замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилган.

Айтиш жоиз, йилига 10 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга қўшма корхона, яъни тўқимачилик мажмуасининг цехлари босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Ўтган йилнинг март ойида бу ерда ип йигирув фабрикаси фаолият бошлаган эди.
Ўтган даврда цехда 2 минг 885 тонна ип калава ишлаб чиқарилди. Бу маҳсулот халқаро андозаларга жавоб бериши туфайли ниҳоятда харидоргир. Унга хорижликлар қизиқиш билдираётгани ҳам бежиз эмас. 5 миллион доллар миқдоридаги ип калава экспорт қилингани бунинг далили. Шунингдек, ички бозорга 5 миллиард сўмлик маҳсулот ҳам чиқарилди.
– “Bukhara Cotton Textile”да ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва бозор конъюнктураси инобатга олиниб, ҳар хил турдаги ип калава тайёрланмоқда, – дейди корхона директорининг ишлаб чиқариш масалалари бўйича ўринбосари, туркиялик мутахассис Ҳади Ўзбулут. – Масалан, цехда ўрнатилган 10 та дастгоҳнинг иккитаси чўзилувчан калава ишлаб чиқариш технологиясига эга. Бундай технологик ускуналар мамлакатингиз тўқимачилигида янгилик саналади. Энг сифатли “Деним” – жинси матолар тўқишда чўзилувчан ип калавага тенг келадигани йўқ. Демак, у корхона учун импорт ўрнини босадиган муҳим хомашё.
Айни пайтда “Bukhara Cotton Textile”да 954 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилаётир. Уларнинг аксарияти Бухоро вилоятидаги олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.
– Замонавий дастгоҳларда ишлашни ўрганиш осон эмас экан, – дейди ёшлардан бири Гулшода Жамолова. – Аммо бу ерда “уста- шогирд” усулида иш тутилаётгани бизга қўл келмоқда. Мен тажрибали хорижий мутахассислар ва ҳамкасбларим кўмагида дастгоҳни бошқариш кўникмасига эга бўлдим. Жамоада ўрнимни топаётганимдан хурсандман. Бизнинг унумли ишлашимиз учун корхонада барча шароит етарли.
Цех йилига 24 турдаги, жумладан, лайкра ва полиэстер қўшилган 9,5 минг тонна калава тайёрлаш қувватига эга. Жорий йилда йигирувчилар касбий малакасини ошириш орқали технологик жараёнларга қатъий амал қилиш ва бошқа омиллар ҳисобига лойиҳа қувватига чиқиш кўзда тутилган.
Умуман, 2020 йил корхона фаолиятида алоҳида ўрин тутиши, шубҳасиз. Январь ойида ишлаб чиқаришнинг бир-бири билан боғлиқ, бошқача айтганда, технологик занжирни ташкил этувчи ип калавани бўяш, тўқув, пардозлаш, тикув фабрикалари ишга туширилади. Айни пайтда мазкур цехларда ўрнатилган дастгоҳлар ва бошқа ускуналарни тест – синов тариқасида ишлатиш, уларда меҳнат қиладиган ишчи ходимлар жамоасини шакллантириш тадбирлари амалга ошириляпти.
Ишлаб чиқилган бизнес-режага кўра, тайёрланадиган ип газламанинг каттагина қисми корхонада чуқур қайта ишланади. Масалан, ундан йилига 20 турда, жами 12 миллион погон метр тайёр мато ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотнинг 2,3 миллион погон метридан 900 минг дона “Деним классик” ва 600 минг дона “Деним стрейч” туркумидаги тайёр жинси шимлар тикилади. Эҳтиёждан ортиқча мато ва ундан тикилган шимларнинг асосий қисми экспортга жўнатилади. Уларга буюртмалар шаклланмоқда.
“Bukhara Cotton Textile” қўшма корхонаси яқин истиқболда вилоятнинг маҳсулоти хориж бозорида харидоргир салоҳиятли субъектлари қаторидан ўрин олади. У жорий йилда аввалги йилдагига нисбатан беш баравар кўп, аниқроғи, 25 миллион доллар миқдоридаги экспортни амалга оширади. Корхона жаҳон бозорида ўз ўрнини топиб бориши билан бу кўрсаткич яқин келгусида йилига 70-85 миллион долларни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Ишчи-мутахассислар сони 1500 нафарга етади.