"Токио–2020" якунлари сарҳисоб қилинди
Матбуот анжумани
Пойтахтимиздаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Токио–2020" якунлари ҳамда 24 август – 5 сентябрь кунлари Японияда ўтказиладиган Паралимпия ўйинлари олдидан матбуот анжумани ташкил этилади.
Анжуманда таъкидланганидек, ўта мураккаб эпидемиологик вазиятда ўтган олимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари 3 та олтин ва 2 та бронза медалини жамғариб, дунёнинг 206 давлатлари орасида 32-ўринни эгаллаши ўзбек спортининг кейинги 5 йилликдаги улкан ғалабаси. Оловқалб спортчиларимизнинг матонати эвазига Ўзбекистон Осиё давлатлари орасида бешинчи, МДҲ мамлакатлари мундарижасида иккинчи, туркий давлатлар ва Марказий Осиё минтақасида 1-ўриндан жой эгаллаши энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик тўйига муносиб тўёна бўлди, дейиш мумкин.

"Токио–2020"да эгнида Ўзбекистон либоси билан олимп майдонига тушган ҳар бир спортчи, гарчи ғолиб бўлмаган бўлса-да, жаҳон спорт майдонида мамлакатимиз шуҳрати юксалишига ўзига хос тарзда ҳисса қўшганлиги алоҳида воқеликка айланди. Акбар Жўраев, Улуғбек Рашитов, Баҳодир Жалолов, Давлат Бобонов ва Бекзод Абдураҳмонов ғолиблик йўлидаги шижоати ила олимпиада тарихига Ўзбекистон номини абадий муҳрлади.
Эндигина катта спорт остонасига кириб келган истеъдодли ёшларимиз Муаттар Набиева, Сафина Садуллаева, Турсуной Раҳимова, Никита Рафалович, Кумушхон Файзуллаева, Дилноза Раҳматова, Зайнаб Дайибекова каби атлетларимиз ўз шижоати билан 2024 йили Парижда ўтадиган олимпия майдонларига янги Ўзбекистон ёшлари янги ғалабалар билан кириб боришига ишора берди, назаримизда.
Яна бир эътиборли ҳолат: "Токио–2020" йўлланмаларини қўлга киритган аёл спортчиларимиз сони 30 нафарни ташкил этди. Бу ўтган ўйинларга нисбатан янги рекорд кўринишини олди. Шу ўринда бокс, дзюдо, таэквондо, замонавий беш кураш, оғир атлетика спорт турларидаги ўзига хос марралар забт этилганлиги, спорт турлари географияси кенгайганлиги анжуман мобайнида бот-бот такрорланди.

Қизғин мунозаларга бой тарзда ўтган матбуот анжуманида Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шарифжон Мўминжонов, 32-олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини улуғлаган Акбар Жўраев, Улуғбек Рашитов, Далат Бобонов журналистларнинг саволларига жавоб беришди.
Т. Рўзиев, ЎзА