Тизим ходимларига ҳурмат кўрсатилди
Республикамизда ҳар йили 4 март Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил топган кун сифатида кенг нишонланади.
Аҳолининг ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашда, табиий офатлар, ёнғинлар, йўл- транспорт ҳодисалари ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этишда ушбу соҳа ходимларининг хизмати катта.
Ушбу сана муносабати билан Гулистон туманида тадбир ташкил этилиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг туман бўлинмаси тизимида ишлаётган, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишда фидойилик намунасини кўрсатаётган соҳа ходимларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
[gallery-22099]
Туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев табиий офатлар, техноген авариялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар пайтида аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, зарар кўрганларга ёрдам бериш каби муҳим вазифаларни бажариш чоғида кўрсатиладиган жасорат, профессионал маҳоратни эътироф этиб, тизим ходимларини туман ҳокимлиги, туман аҳолиси номидан қутлаб, алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Самарали хизматлари учун бир гуруҳ фаол ходимлар туман ҳокимлигининг ташаккурномаси, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари