Тизим куз-қиш мавсумига тайёр
Мавсумга тайёргарлик кўриш, уни беталофот ўтказиш мақсадида “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди. Хусусан, вилоят бўйича жами 21,29 километр газ қувурлари реконструкция қилинди. 507,5 километр газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди, бўёқланди. Амалий ишларнинг натижаси ўлароқ вилоятдаги 282 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчиларининг табиий газга бўлган эҳтиёжининг олди олинадиган бўлади.
Шунингдек, 7 минг 107 дона газ маромлаш қурилмалари тафтиш қилинди. 98 та газ маромлаш қурилмалари эса эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди, ҳимоя тўсиқлари билан ўралди. Тасдиқланган режадан ташқари 9,423 километр газ қувурлари реконструкция қилинди. 806 дона газ маромлаш пунктлари эса демонтаж қилинди. Бу билан вилоятдаги 94 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 40 минг 635 та хонадонда табиий газ таъминотининг яхшиланишига эришилади.

Бугун ҳар бир дастур ва ҳар бир йўналиш бўйича таъминот ходимлари қўлни қўлга бериб меҳнат қилмоқда. Айниқса, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятдаги 15 та маҳаллада ишлар натижадорлигини кўрсатмоқда. 7,6 километр газ тармоқлари таъмирланиб, 20 дона газ тақсимлаш қурилмалари тўла техник тафтишдан ўтказилди, бўёқланди. Вилоятнинг Жондор туманидаги “Занги” маҳалласида дастур асосида 4 километрга яқин газ қувурлари таъмирланиб, 10 та газ маромлаш қурилмаси тафтиш қилинди. Қишлоқ аҳли миннатдор. Муҳими, мавсумда улар табиий газдан муаммосиз фойдаланадиган бўлди.

Иссиқ-совуқ, қор-ёмғир – барчасида тиним билмайдиган соҳа ходимлари томонидан Вобкент туманидаги газ маромлаш қурилмалари ҳам эстетик жиҳатдан тартибга келтирилиб, аҳолига муаммосиз табиий газнинг етказиб берилиши таъминланмоқда. Тумандаги 11 та газ маромлаш қурилмасида ана шундай амалий ишлар бажарилди. Туман марказида истиқомат қилувчи 3 минг 200 та табиий газ истеъмолчиларининг хонадонига газ таъминотини яхшилаш учун қўшимча равишда РДУК-200 русумли газ маромлаш қурилмасида эстетик жиҳатдан тартибга келтириш ишлари олиб борилди. Тайёр ҳолга келтирилди. Тўғри, туман марказида газ таъминоти билан боғлиқ қатор мурожаатлар келиб тушган. Улар ўз вақтида соҳа вакиллари томонидан ўрганилган. Аммо юқорида таъкидлаб ўтилган амалий жараён сабаб бугун уларнинг табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларига ҳам ҳожат қолмайдиган бўлди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг 2022 йил февраль ойида тасдиқланган манзилли дастурига асосан ҳам вилоят бўйича бир мунча амалий ишлар бажарилди. Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида вилоят бўйича жами 19 километрдан ортиқ газ қувурларини реконструкция қилиш ишлари белгиланган. Амалда эса 22 километрга яқини реконструкция қилинди. Жумладан, Бухоро шаҳри, Бухоро, Жондор, Когон ҳамда Қоровулбозор ва Олот туманларида қилинган саъй-ҳаракатлар бугун истеъмолчиларга муаммосиз табиий газнинг етказиб берилиши учун муҳим омил ҳисобланади. Бугун Бухоро туманининг Пахтакор кўчаси истеъмолчилари таъминот ходимларидан миннатдор. Сабаби газ қувурларида реконструкция ишларининг амалга оширилиши туфайли 290 мингдан ортиқ аҳолининг табиий газ таъминоти яхшиланди.
Ҳар бир ишнинг ортида катта меҳнат ҳамда масъулият ётади. Бугун тизим вакилларининг йил ўн икки ой, фасл танламай қилган меҳнатининг асл моҳиятини ҳам амалий жараёнлар мисолида кўришимиз мумкин. Асосий мақсад халқ фаровонлигини таъминлаш экан, тизим ходимлари ҳам шу мақсад йўлида бирлашди, вилоят истеъмолчиларининг яшаш шароитини янада яхшиланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА