Тинчлик ва дўстлик элчилари
Давлатимиз раҳбари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида ташкилот доирасида уюшқоқлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни янада мустаҳкамлаш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, Афғонистондаги вазиятга нисбатан келишувга асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича долзарб ташаббуслари қаторида, минтақа парламентлари ва кенг жамоатчилик даражасида халқ дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган таклифларни ҳам илгари сурди.

Халқ дипломатияси – бу давлат ва нодавлат ташкилотлар, давлатлар ёки халқаро ташкилотларнинг халқаро жамоатчилик алоқаларини кенгайтиришга йўналтирилган қўшма фаолияти.
Бу фуқаролик жамиятининг халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсатдаги фаол иштирокини назарда тутади. Бошқача айтганда, бунда фаол иштирокчилар амалдорлар эмас, балки олимлар, санъат ва маданият намояндалари, тадбиркорлар, диний уламолар, ёшлар ва оддий инсонлардир. Бундай иштирок маълум ижтимоий фикрни шакллантиришга, халқаро алоқалар ва муносабатлардаги ҳолатга таъсирига қаратилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «ШҲТ эзгу ният элчиси»ни таъсис этиш бўйича ташаббуси ушбу халқаро ташкилот мақсад ва вазифаларини амалга ошириш йўлида ўз вақтида билдирилган ташаббус бўлди.
ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида халқаро муносабатларда сезиларли даражада муҳим аҳамиятга эга нуфузли халқаро ташкилотга айланди. Ташкилотга аъзо давлатларда ер юзи аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилади. Бу Евроосиё минтақасида янгича муносабатлар шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Шу маънода, халқ дипломатияси механизмларини кенг қўлланилиши янада аҳамиятлидир.
Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилда Ўзбекистонда МДҲ Халқ дипломатияси маркази ташкил этилиб, бу борада муҳим қадамлар қўйилди. Асосий вазифа – яхши қўшничилик ва ишонч, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришдан иборат.
Илмий тафаккур оламида “оммавий дипломатия” тушунчаси мавжуд бўлиб, кенг жамоатчиликнинг кўзга кўринган намояндалари орқали мамлакат имижини, ташкилотлар ва сиёсатга ишончни шакллантиришни ташкил қилади.
Мисол учун, БМТга ишонч руҳини шакллантириш бўйича фаолиятда эзгу ният элчилари институти масъул ҳисобланади.
БМТнинг эзгу ният элчилари институти 1954 йилдан буён фаолият юритаётган бўлса, унда БМТ ва унинг муассасаларини қўллаб-қувватловчи дунёнинг машҳур инсонлари фаолият олиб боради. БМТ ғоялари ва имижини сақлаб туришда маданият, спорт жамоатчилиги машҳур вакилларининг роли беқиёс.
Ишончим комилки, “ШҲТ эзгу ният элчиси” институти аъзо мамлакатларнинг санъат, адабиёт, фан, мусиқа ва спорт соҳаларидаги машҳур арбобларидан ташкил топиб, улар истеъдоди ва бор куч-ғайратини ташкилотга аъзо давлатлар ҳамда бутун дунё халқларининг турмуш даражасини оширишда ШҲТ ҳаракатларига нисбатан жамоатчилик хайрихоҳлигини оширишга сафарбар этади.
Бу эса, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қуролсизланиш ва бутун жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш, қочоқлар, ногиронлар ва болаларга кўмаклашиш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш кабилардан иборат.
Машҳурлик – бу эзгу ният элчиларини танлашдаги базавий талаблардан бири саналади. Мисол учун, БМТ эзгу ният элчилари фахрий рўйхатидан Анатолий Карпов, Рожер Мур, Мария Шарапова, Криштиану Роналдо, Майкл Дуглас, Николь Кидман, Анджелина Жоли, Шарлиз Терон, Миа Фэрроу ва бошқалар ўрин олган.
Бу каби нуфузли лавозимга номзод биринчи навбатда ШҲТ имижини ошириш устида иш олиб бориши зарур. Экспертлар фикрига кўра, бундай моделнинг асосий тавсифи – обрў-эътибор, олижаноблик, ишчанлик, мардлик, очиқлик, маҳаллий тилларни, тарих ва маданиятни билиш кабилардан иборат.
Саммитда Президентимиз таъкидлаганидек, глобал ва минтақавий даражада танглик ўсиб бораётган ҳозирги даврда ШҲТ ўзининг очиқлигини сақлаб қолиши, умумий даъватларга ўз вақтида муносабат билдириши, халқлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаши лозим.
Мухтасар айтганда, “халқ дипломатияси” бу мақсадларни амалга оширишдаги самарали механизмлардан биридир.
Алишер Собиров,
Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи,
тарих фанлари номзоди