Тинчлик, тотувлик – олий саодат
Бизнинг энг катта куч-қудратимиз тинчлик ва аҳилликда.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимиздаги ижтимоий барқарор муҳит, тинч ва осойишта ҳаёт, турли миллат ва элат , диний конфессия вакилларининг ягона оила фарзандларидек аҳилликда истиқомат этиши биз учун энг олий саодатдир.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида бўлиб ўтган “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда Ўзбекистон ташаббуси!” мавзусидаги илмий-назарий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.
Гибрид шаклида ташкил этилган тадбирда Қўмита раҳбарияти ва мутасадди ходимлари, АҚШнинг Индиана университети, Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутасадди ходимлари, шунингдек, хориждаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда олимлар иштирок этди.
Қўмита раисининг ўринбосари Азамат Тошев ва бошқалар мамлакатимизда миллий ва диний конфессиялар ўртасида ўзаро ҳамжиҳат муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга доим устувор аҳамият қаратиб келинганини таъкидлади.
Ушбу конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилган ишларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, истиқболда белгиланган вазифаларни таҳлил қилиш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди. Зеро, ҳар бир давлатнинг тараққий этиши авваламбор ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитининг сақланишига боғлиқ. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани аҳамиятлидир.
Мамлакатимизда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Уларнинг бирлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги – тинчлигимиз, тараққиётимиз пойдевори. Бу йил илк марта Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда “Халқлар дўстлиги” куни кенг нишонланди. Байрам муносабати билан мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Миллий маданият марказлари, идора ва ташкилотларнинг фаолларининг катта гуруҳи Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари, “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланиб, унинг доирасида фаол иш олиб борилаётгани, яқинда эса “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилгани соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Конференцияда экспертлар томонидан “Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик – миллий тараққиёт пойдевори”, “Марказий Осиёда ҳамкорлик муҳити яратилишининг янги босқичида Ўзбекистоннинг муҳим ташаббуслари”, “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда маҳалланинг ўрни”, “Дўстлик алоқаларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари”, “Диний бағрикенгликни таъминлашда Ўзбекистон ташаббуси" каби мавзуларда маърузалар атрофлича муҳокама этилди.
Н.Усмонова, ЎзА