Тинчлик посбонларининг жасорати унутилмайди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакиллари ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилган фахрийлар, хизмат вазифасини ўташ вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оилаларида бўлди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник И.Ахмедов ва Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси нафақадаги полковник О.Турдақов меҳнат фронти қатнашчилари Қ.Сейтаков, Н.Таумуратов, Р.Самарканова, Ички ишлар фахрийси нафақадаги генерал майор Ж.Шылманов хонадонларида бўлиб, ҳолидан хабар олди. Уларни Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 76 йиллиги билан қутлади.
Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш йилларида фронтда ва фронт ортида меҳнат қилиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. Фахрийларга Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда вазирликнинг бирлашган касаба уюшмалари томонидан совғалар топширилди.
Хотира – муқаддас, қадр азиздир. Байрам муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органларида хизмат қилиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашда жасорат намунасини кўрсатган, хизмат вазифасини ўташ вақтида ҳалок бўлган лейтенантлар С.Зияуов, С.Исмаилов, сержант А.Султановнинг хонадонларига ҳам борилди. Уларнинг оила аъзолари, фарзандлари ҳолидан хабар олиниб, пул мукофотлари ва байрам совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА