Тинчлик-осойишталик барқарор бўлсин
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Хонсарой” тантаналар уйида ифторлик дастурхони ёзилди. Унда тумандаги диний уламолар, кенг жамоатчилик вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар қатнашди.
Тўпланганлар Президентимиз томонидан мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган эзгу ишлар, юртимизда муқаддас динимиз софлигини сақлаш борасида олиб борилаётган амаллар ҳақида фикр алмашди.
[gallery-11424]
– Давлатимиз раҳбари томонидан муқаддас динимизни тиклаш, унинг поклигини сақлаш, жамиятимизда диний бағрикенглик, миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтиришда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини барчамиз яхши биламиз, – дейди Мир Ҳурд Вобкандий жомеъ масжиди имом хатиби Қурбон Шукруллаев.
Тадбирда Қуръон оятлари ўқилиб, Ўзбекистон заминида эл фаровонлиги йўлида хизмат қилиб ўтганлар ҳақига, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини, хонадонларимизда ҳамиша тинчлик ҳукм бўлишини тилаб дуолар қилинди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА