Тинчлик, миллатлараро дўстлик ва бағрикенглик – Ўзбекистоннинг бебаҳо бойлиги
Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, тинчлик бор жойда бунёдкорлик, дўстлик бор жойда ҳамкорлик, бағрикенглик ҳукм сурган жамиятда эса тараққиёт учун мустаҳкам замин яратилади.
Ўзбекистон қадимдан турли халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар туташган ҳудуд сифатида танилган. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган юртимизнинг қадим шаҳарлари савдо-сотиқ билан бирга, илм-фан, ҳунармандчилик, адабиёт ва санъат марказлари сифатида ҳам тараққий этган. Турли халқлар ўртасидаги мулоқот миллий маданиятимизни бойитган.
Бугун ҳам мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари ҳамда диний конфессиялар аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Миллати, тили ва эътиқоддаги фарқларга қарамай, Ватанга садоқат, қонунларга ҳурмат ва умумий келажак учун масъулият шу азиз заминда яшаётган барча миллатларни бирлаштирмоқда.
Глобаллашув даврида диний ва миллий зиддиятлар, қуролли можаролар ҳамда мажбурий кўчишлар инсонлар ҳаётига хавф туғдираётган бир шароитда тинчликни асраш ва ўзаро мулоқотни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган сиёсати азалий қадриятларни амалда намоён этмоқда. Айниқса, ёшларда бағрикенглик, муросага келиш, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ва турли маданиятларни англаш кўникмаларини шакллантириш муҳим вазифалардан биридир.
Мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, инвестициявий жозибадорлиги, илм-фан ва таълим тараққиёти, янги иш ўринларининг яратилиши, аввало, тинчлик ва барқарорликка боғлиқ. Осойишта юртда тадбиркорлик ривожланади, янги лойиҳалар амалга оширилади, олимлар илмий изланишлар олиб боради, ёшлар эса ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконига эга бўлади.
Айниқса, Марказий Осиё давлатлари билан аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш Ўзбекистоннинг очиқ ва тинчликпарвар сиёсатида муҳим ўрин тутади. Давлатлар ўртасидаги ишонч эса иқтисодий, илмий, маданий ва таълимий алмашинув учун янги имкониятлар яратади. Ўзбекистоннинг халқаро дипломатиядаги ўрнини мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини очиш тинчлик ва дўстлик ғояларини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Бу жараёнда таълим, илм-фан, маданият, туризм ва ёшлар йўналишларидаги ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашинуви муҳим аҳамиятга эга. Хорижий талабалар ва олимлар учун очиқ таълим муҳити, қўшма илмий лойиҳалар ва академик алмашинувлар Ўзбекистоннинг дўстлик ва ҳамкорлик йўлида қатъий бораётган, очиқ мамлакат сифатидаги қиёфасини намоён этади.
Олий таълим муассасалари турли фикрлар ва маданиятлар учрашадиган, илмий мулоқот ва халқаро ҳамкорлик ривожланадиган маскандир. Шу боис ҳам, Андижон давлат техника институтида халқаро ҳамкорликни таълим сифати, илмий тадқиқотлар ва ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Институтда хорижий олий таълим муассасалари билан алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш орқали малакали муҳандислар тайёрлаш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, талаба ёшларни сохта ахборот ва муросасизликка қарши танқидий фикрлаш руҳида тарбиялаш, таълим муҳитида ҳар бир инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларига ҳурматни таъминлаш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри сифатидаги халқаро нуфузини юксалтириш давлат идоралари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, маҳаллалар ва ҳар бир фуқаронинг умумий вазифасидир.
Бу борадаги ишлар самарадорлиги жамиятда ўзаро ҳурматнинг мустаҳкамланиши, таълим ва меҳнат муҳитида камситишнинг олдини олиш, ёшларнинг халқаро лойиҳалардаги иштироки ҳамда халқаро илмий ва маданий алоқаларнинг кенгайиши орқали намоён бўлади.
Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтириш, аввало, мамлакатимизда тинчлик, тотувлик ва инсон қадрини улуғлашдан бошланади. Шу боис, тинчликни асраш, дўстликни қадрлаш ва бағрикенгликни кундалик ҳаёт тамойилига айлантириш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Сухроб Алиев,
Андижон давлат техника институтининг
ўқув ишлари бўйича проректори.
ЎзА