Тинчлик дунёдаги энг улуғ неъмат
Тириклик дунёсида яшаётган ҳар бир инсондан "Сиз учун дунёда энг улуғ неъматлардан бири нима?" деб сўрасангиз, албатта, тинчлик деб жавоб беради. Шу ўринда беихтиёр "Муаллими ас-Соний" номи билан машҳур буюк аллома Абу Наср Форобийнинг "Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи бошланғич асос инсонийликдир. Одамлар инсоният туркумига кирганликлари учун ўзаро тинчликда яшамоқлари лозим" деган сўзлари ёдимга тушади.
Ўйлайман, бугун шу тинчлик учун, шу Ватан эртаси ва равнақи учун қанчалик меҳнат қилаяпмиз, деган савол бизни қай даражада қийнамоқда?! Бугунги юрт тинчлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўша оляпмизми?
Шукрлар бўлсинки, миллатидан қатъий назар аҳолиси аҳил ва ҳамжиҳат яшаётган озод ва обод юртимизда тинчлик хотиржамлик ҳукмрон. Албатта, бунга ҳар биримиз имкон қадар ҳисса қўшяпмиз, ана шу мақсад йўлида меҳнат қиляпмиз. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик аввало, халқимизнинг асрий орзуси мустақиллик шарофати, Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган тинчлик сиёсатининг шарофатидан десам, асло муболаға бўлмайди.

Мустақилликка ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Мустақиллик, озодлик йўлида миллатимизнинг кўплаб асл фарзандлари ўз жонларини қурбон қилди. Бугун уларнинг мардлиги, жасоратидан қалбимизда фахр-ифтихор туйғуси жўш уради. Бугун биз – зиёлиларнинг асосий вазифаларидан бири ёшларимиз онгига тинчликни қадрлаш, мустақилликни асраш туйғуларини сингдириш, уларни улуғ аждодларимизга муносиб авлод қилиб тарбиялашдир.
Мустақиллик туфайли энг аввало, улуғ неъмат – тинчликни қўлга киритдик, қолаверса, мустақиллик бизга миллий, диний қадриятларимизни қайтариб берди, тарихий шахсларимиз ҳақидаги тарихий ҳақиқатни тикланишига, ўзлигимизни англашга имкон яратиб берди.
Юрт мустақиллигини асрай олсак, тинчликни қадрига ета олсаккина юрак юрагимизда Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатимиз ошаверади. Мамлакатимиздаги таълим муассасаларида янги ўқув йилини бошланиши олдидан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилган “Мустақиллик дарслари” ҳам ёшларимизнинг она Ватанга муҳаббатини, истиқлол ғояларига ҳурмат ва садоқатини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Андижон давлат тиббиёт институтида мустақиллик дарслари институт раҳбарлари, етакчи профессор-ўқитувчилар, иқтидорли талаба ёшлар, депутатлар, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўзига хос тарзда ташкил этилди. Жумладан, институт ректори М. Мадазимов, проректорлар томонидан ўтказилган дарслар жуда қизиқарли ўтди.
Эрта тонгдан бу йил талабалик бахтига мушарраф бўлган ёшларни кутиб олиш ва табриклашга бағишланган тадбирлар ташкил этилди. Шундан сўнг аудиторияларда мустақиллик дарси машғулотлари бошланди.
Дарслар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик.Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон" газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавоблари, "Тадбиркорлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари", "Янги Ўзбекистон" боғида ўтказилган давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбиридаги Президентимиз нутқида илгари сурилган фикр ва ташаббуслар асосида ўтказилди.

Асосан, маъруза ва амалий машғулот тарзида ўтказилган мустақиллик дарслари ёшлар қалбида Ватанни севиш ва ардоқлаш ҳиссини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Мустақиллик шукуҳидан руҳланган, шижоатли, фаол ва фидойи талаба ёшлар келгусида мустақил Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган, улуғ аждодларимиз ишини давом эттирадиган шахс бўлиб камол топишига асло шубҳа йўқ.
Умидли ёшларимизнинг фаоллиги, уларнинг юксак салоҳиятини кўриб, келажагимиз эгаларининг эртаси буюк эканлигига яна бир бор амин бўлдик.
Мирзоҳид Ботиров,
Андижон давлат тиббиёт институтининг
Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича проректори
ЎзА