Тинчлигимиз посбонлари шарафланмоқда
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда.
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда.
Байрам муносабати билан бугун эрта тонгдан ҳарбийлар, давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, талаба ёшлар, кенг жамоатчилик Термиз шаҳридаги Хотира майдонида жамул-жам бўлиб, ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Вилоят марказида ўтказилган тантаналарга армия ва халқ бирдамлигини кенг намоён этган замонавий ҳарбий техникалар кўргазмаси, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ўзгача шукуҳ бағишлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Миллий куч-қудратини янада такомиллаштириш, Ватанимиз посбонлари ва уларнинг оила аъзолари учун барча шароитларни яратиб, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан уч йил муқаддам давлат ҳокимияти органида ҳарбий-маъмурий секторнинг ташкил этилиши бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириб, ҳарбий хизматчиларнинг яшаш тарзи ва уларга яратиб берилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш, бажарилиши зарур бўлган бирламчи вазифларни белгилаб олишда муҳим ўрин тутмоқда.
Жумладан, вилоятда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий сектор томонидан ўтган уч йилда воҳадаги ҳарбий қисмлар инфратузилмасини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини бойитиш, ҳарбийлар ва ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳамда ҳарбий пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдек муҳим вазифалар юзасидан “Йўл харита”си белгилаб олиниб, салмоқли ишлар бажарилди. Хусусан, ўтган йили жанубдаги воҳада ҳарбий қисмларни таъмирлаш, янги иншоотлар барпо этиш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа ҳаражатлари учун вилоят маҳаллий бюджетидан 45 миллиард 16 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани ҳам бунга яққол далилдир.
Тинч, осуда ҳаётимиз бунёдкорлари ва уларнинг оила аъзолари учун ўтган йили вилоятда пойдевори ташланган 572 хонадонга мўлжалланган 24 та кўп қаватли ва 22 та ҳовлили хонадонларнинг ҳозиргача 392 оилага мўлжалланган 18 та кўп қаватли уй-жой ва 22 та ҳовлили хонадон фойдаланишга топширилди. Яқин кунларда қолган уйларнинг калитларини ҳам ўз эгаларига топшириш кўзда тутилган.
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли Денов туманидаги ҳарбий қисмда Ватанимиз ҳимоячилари билан учрашиб, уларнинг маънавиятини, жанговар шайлигини ошириш ҳамда ҳудудга хос миллий қадриятлар билан яқиндан таништириб бориш бўйича тегишли вазифаларни берган эди. Шунга мувофиқ вилоят ҳокими ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Тўра Боболовнинг бевосита ғояси асосида Жанубий операцион йўналиш бошқаруви гуруҳи ҳарбий хизматчилари ўртасида “Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” номидаги танлови ташкил этилди. Ғолибларнинг муносиб рағбатлантирилгани ҳам ҳарбий хизматчиларнинг ҳудудга хос миллий қадрият ва анаъаналарига қизиқишини янада оширди.
Якунланган йилда вилоятда ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-маърифий, спорт, соғломлаштириш ва бошқа соҳаларда 4 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. 6 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. 600 дан ортиқ ҳарбий ишчи-хизматчилар, пенсионерлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда фарзандлари санаторийлар ва оромгоҳларда соғломлаштирилиб, 99 нафар ҳарбий пенсионерлар бандлиги таъминланди. Ҳарбий қисм кутубхоналарининг ўн мингга яқин китоб билан бойитилгани маънавий-маърифий ва ижтимоий соҳада ҳам ҳарбий-маъмурий сектор томонидан соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганининг ёрқин ифодасидир.
Байрам муносабати билан мамлакатимизда эълон қилинган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида жойларда ўтказилаётган учрашув, давра суҳбатлари, ҳарбий-ватанпарварлик фестиваллари, ҳарбийларнинг кўргазмали жанговар чиқишлари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлаётир.
Вилоятда байрам тадбирлари кўтаринки руҳда давом этмоқда.