Тили, дини, анъаналари муштарак халқлармиз
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Озарбайжон маданияти кунлари доирасида ранг-баранг тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида "Озарбайжон маданияти" номли кўргазма ташкил этилди.
Кўргазмада қардош халқнинг тасвирий ва амалий санъат намуналарига кенг ўрин берилган бўлиб, озарбайжон халқининг гўзал анъаналари, урф-одати, маданияти, меъморчилик санъати, табиати, бугуни билан яқиндан танишиш мумкин.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги ижтимоий-маданий алоқалар юксак даражада равнақ топмоқда, – деди Озарбайжон Республикаси маданият вазири Одил Каримли. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари муносабати билан йўллаган табриги бизга бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиромнинг намунасидир.
Тадбир доирасида Озарбайжон миллий либослари намойиши ҳам бўлиб ўтди.
Шунингдек, иштирокчилар қардош халқ миллий лидери Ҳайдар Алиев ёдгорлиги пойига гуллар қўйдилар.

Озарбайжоннинг бир гуруҳ ижодкор вакилларидан иборат делегация Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Озарбайжон театр санъати усталарининг таниқли ёзувчи ва драматург Илғор Фаҳмий пьесаси асосида саҳналаштирилган «Мен бу… менман» спектакли намойиш этилди.
Спектакль ижодий жамоаси томошабинларни бир ярим соат давомида ХIV асрда яшаб ижод қилган буюк озарбайжон шоири, файласуфи ва мутафаккири Имодиддин Насимийнинг ҳаёт тарзи, фалсафаси, ҳақиқатгўйлиги ва муҳаббати билан таништирди.
Спектаклдан сўнг институт ректори ва Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги масъул ходимларининг мулоқоти ҳам бўлиб ўтди.

Шунингдек, Озарбайжон халқаро мақом маркази директори Соҳиб Пошозода ҳам ушбу институтда бўлиб, ЎзДСМИ ректори, профессор Нодирбек Сайфуллаев ва институт жамоаси билан учрашди. Мулоқот давомида икки қардош халқ ўртасидаги дўстона алоқалар ҳақида ўзининг илиқ фикрларини билдирди.
–Президент табригидан ғоят мамнун бўлдик, – деди Озарбайжон халқаро мақом маркази директори Соҳиб Пошозода. – Халқларимиз ўртасидаги алоқалар асрлар давомида ривожланиб келган. Бу каби маданий-маърифий тадбирлар дўстлигимиз абадий эканининг яна бир ёрқин намунасидир.
Учрашув давомида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Озарбайжон халқаро мақом маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум натижасида икки давлат санъаткорлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари ўртасида тажриба алмашиш имконияти яратилади.
Шунингдек, мақом санъати бўйича қўшма тадбирлар, концертлар, семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади. Тадбирлар икки мамлакат санъаткорлари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатишга ва янги ижодий ғояларни амалга оширишга замин яратади. Қолаверса, санъат ва маданият соҳасидаги таълим муассасалари ўртасида илмий тадқиқотлар, тажрибалар ва инновациялар алмашинуви амалга оширилади. Бу эса таълим сифатини оширишга ва илмий изланишларнинг ривожланишига ёрдам беради.
Тадбирда қардош халқнинг санъат устаси Соҳиб Пошозодага Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг фахрий профессори унвони топширилди. Мазкур унвон икки мамлакат ҳамкорлигининг ёрқин намунаси сифатида тақдим этилди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Озарбайжон давлат опера театри жамоасининг “Аршин мол олан” спектакли намойиш этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА