Тилга эҳтиром — миллатга эҳтиром
Тил — миллатнинг ўзлиги, тарихи ва маънавий дунёсини акс эттирувчи бебаҳо бойлик.
Она тили халқнинг асрлар давомида шаклланган урф-одатлари, қадриятлари ва бой маданий меросини авлоддан-авлодга етказишда муҳим ўрин тутади. Шу боис она тилини асраб-авайлаш, унинг софлигини сақлаш ва нуфузини юксалтириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз.
Адиблар хиёбонида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан "Тил — миллат кўзгуси, маънавият тимсоли" мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ушбу тадбирнинг асосий мақсади талаба-ёшлар қалбида она тилига муҳаббат ва ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини бойитишдан иборат.
[gallery-32041]
Тадбир доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва талабалар томонидан ўзбек тилининг гўзаллиги ва жозибаси, она тилига муҳаббат ҳамда миллий қадриятларни тараннум этувчи шеърий композициялар намойиш этилди.
Мазкур тадбир ёшлар орасида она тилига эҳтиромни кучайтириш, миллий ўзликни англаш ва ўзбек тилининг бой имкониятларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА