Тил тарғиботи эътиқод даражасига айланмоғи зарур
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида «Миллий ўзлигимизни тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади», дея таъкидлаши она тилимизга бўлган эътибор нақадар муҳим эканидан далолатдир. Дарҳақиқат, юртимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларда ўзбек тилини давлат тили сифатида ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришдек мақсад тургани бугун барчага маълум. Кейинги беш-олти йилда тил ислоҳоти билан боғлиқ ўндан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилингани бунинг исботидир. Бу йилги Мурожаатнома билан она тилимизнинг қадди янада юксалди, дея ғурур билан айтиш мумкин.
Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кўп миллатли халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилмоқда. Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар давлат ва нодавлат ташкилотларида давлат тили равнақи масаласига нописандлик қилиш қарийб барҳам топди. Олиб борилаётган холис тил сиёсати бутун жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб, ўзбек тилининг давлат тили сифатида қўлланиши амалда фуқароларимиз фаолиятининг мазмунига айланиб бормоқда. Миллий иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш, унинг турли тармоқларида изчил ислоҳотларни юритишга масъул бўлган Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тизимида ҳам бу борада қатор ишлар қилинмоқда.
Тизимда маънавий-маърифий ишлар ҳамда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан оширишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини тўрт йўналишда кўрсатиш мумкин: биринчи йўналиш – вазирлик фаолиятида давлат тилини тарғиб этишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларининг яратилганлиги; иккинчи йўналиш – маънавий-маърифий ишларнинг тизимли ташкил этилганлиги; учинчи йўналиш – давлат тилини тарғиб этиш ва ривожлантириш борасида ягона давлат сиёсати олиб борилиши ва уларнинг амалиётга татбиқ этилаётганлиги; тўртинчи йўналиш – тизимда ва республика миқёсида давлат тилининг мавқейини оширишга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар билдирилаётганлиги.
Қонунлар ижроси билан кучли
Маълумки, «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 20 октябрдаги Фармонда мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, ўзбек тилини давлат тили сифатида нуфузи ва мавқейини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш каби қатор вазифалар белгиланган. Шу муносабат билан вазирликда ўзбек адабий тилининг софлигини сақлаш, ўзбек тили меъёрлари ва қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш мақсадида «Ахборот, таҳлил ва ҳужжатларни коррекциялаш бўлими» ташкил этилди. Мазкур бўлим вазирликда ишлаб чиқиладиган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хатлар, иш қоғозларини таҳрирлаш, тузатиш, матн хатоликларининг график ва лексик жиҳатдан бир хиллигини таъминлаш, маъно жиҳатидан ҳамда имловий хатоларни бартараф этиш билан шуғулланади. Белгиланган тартибга кўра, вазирликдан чиқаётган барча ҳужжатлар лингвистик экспертизадан ўтказилади. Мисол тариқасида шуни келтиришимиз мумкинки, жорий йил бошидан ҳозирги кунгача вазирликка 32 мингга яқин ҳужжат кирган. 17 мингга яқин хат, ҳужжат тайёрланиб, тегишли ташкилотларга юборилган. Бўлим ходимлари томонидан ушбу ҳужжатлар давлат тили меъёрлари талаблари бўйича кўриб чиқилган.
Маълумки, Ҳукуматимизнинг тегишли қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизда тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритиши назарда тутилган. Яъни барча идора, ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 29 октябрдаги 662-сон Қарорига кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчининг ташаббуси билан ёхуд топшириқ асосида вазирлик, идоралар билан келишишдан олдин лойиҳа матни – ҳужжатларнинг давлат тили қоида ва талабларига мувофиқлигини текшириш мақсадида лингвистик экспертизадан ўтказилиб, ўзбек адабий тилининг имловий, услубий, лексик-грамматик, график ва пунктуация қоидаларига амал қилинганлигига, атамаларнинг тўғри қўлланиши ва матнда мантиқий хатоликларга йўл қўйилмаганлигига эътибор берилиб, мутахассис томонидан батафсил ўрганиб чиқилади.
Вазирликда бу жараёнга тайёргарлик 2021 йил бошидан бошланган бўлиб, тегишли чора-тадбирлар асосида ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли шакллантириш мақсадида Ахборот, таҳлил ва ҳужжатларни коррекциялаш бўлими ходимлари учун «Маҳорат дарслари» ташкил қилинди. Машғулотда ходимларга ўзбек-лотин ёзувининг ўзига хос хусусиятлари, имло ва пунктуация қоидалари, ҳужжатларни таҳрир қилиш бўйича ўқув-семинарлар олиб борилмоқда. Айниқса, машғулотларнинг вазирликда иш юритишда қўлланадиган ҳужжатлар мисолида олиб борилаётганлиги дарсларнинг самарадорлигини таъминламоқда. Масалан, иш жараёнида айрим ҳужжат матнларида қаратқич келишиги (-нинг) ва тушум келишиги (-ни)нинг қўшимчаси битта жумлада уч-тўрт марта ноўрин қўлланилиш ҳолатлари кўп учрайди ва бу эса гапнинг ғализлашувига олиб келади.
Яна бир жиҳат. Кўпинча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шакллантирилаётганда ҳужжат тузувчи матннинг асосий мазмунини сақлаш ва бошқа сабаблар туфайли жумлани ўта даражада кенгайтириб юборади. Бу ҳам жумланинг мазмунини тушунишни мураккаблаштиради. Дарслар давомида ана шундай жумлаларни икки ёки уч қисмга бўлиб, ихчамлаштириш йўл-йўриқлари тушунтирилди. Ёки бир жумлада бўйича ёхуд сабабли сўзи кўмакчи вазифасида такрорий қўлланади. Бундай такрорийлик, табиийки, услубий ғализликка сабаб бўлади. Машғулотларда, масалан, бўйича сўзи икки-уч марта кетма-кет қўлланган ҳолатларда улардан бирини юзасидан сўзи билан, сабабли сўзи такрор қўлланганда улардан бирини учун, боис сўзлари билан алмаштирилса, ҳужжатдаги услубий ғализлик бартараф бўлиши кабилар тушунтирилмоқда.
Бундан ташқари, вазирлик ва унинг ҳудудлардаги бошқарма ва бўлимлари ходимларига мўлжалланган «Вазирлик тизимида ўзбек тилида иш юритиш учун қўлланма»ни электрон кўринишда тайёрлаш йўлга қўйилди. У ҳар чоракда вазирлик ҳудудий бошқармаларининг туман бўлимларигача электрон етказилади. Мазкур қўлланмада вазирлик фаолиятида кўп қўлланадиган сўзлар, уларнинг имлоси, ҳужжатларда кўп такрорланадиган хатоликларга аниқлик киритилади, соҳавий атамалар ҳамда тиниш белгиларининг ҳужжатларда ишлатилиши борасида маълумотлар бериб борилади. Ҳозирда тизим ходимлари ўз фаолиятида қўлланмадан унумли фойдаланиб, айрим қўшимчаларнинг ёзилиш қоидалари ҳақида керакли билимга эга бўлмоқдалар. Масалан, хато ёзилиш ҳолатлари кўп учрайдиган татбиқ (тадбиқ), масъул (маъсул), масъулият (маъсулият), юрисконсульт (юристконсул), исми шариф эмас (исм, фамиласи, отаисми) каби сўзларнинг тўғри ёзилиши уларнинг хато кўринишлари билан бирга кўрсатиб берилган.
Маънавий макон: маънавий янгиланиш
Ҳар бир касб эгаси, у хоҳ иқтисодиёт, хоҳ бошқа соҳа вакили бўлсин, агар ўзини маънан бойитиб бормаса, маънавий қашшоқ бўлиб қолади. Шу маънода тизим ходимларининг маънавий-маърифий оламини бойитиш, уларда умумжамоавий мақсадлар муштараклигини таъминлашга йўналтирилган «Бир жамоада бирлашамиз!» журнали ташкил этилган. Ушбу электрон журнални тайёрлашдан яна бир мақсад – она тилимизга кириб келган янги сўзларнинг маъноларини кенгроқ тушунтириш, лотин ёзуви сабоқлари, ёзилиши қийин сўзлар бўйича маълумотлар бериб бориш саналади. Журналда маънавий-маърифий, психологик тестлар орқали ходимларнинг жамоавий руҳиятини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.
Журнал саҳифаларида ахлоқий тарбия, нутқ одобига доир ҳикматлар, ходимлар ижодидан намуналар ҳам бериб бориладики, бу жамоада ходимларнинг ўзаро меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ бўлишига, ўзаро ҳурмат кўникмаларининг шаклланишига, пировардида жамоавий руҳиятнинг кўтаринки, меҳнат фаолиятининг самарали бўлишига хизмат қилмоқда.
Демоқчимизки, Мурожаатномада таъкидлаган «ижтимоий давлат» тушунчасининг шакллантиришда бундай жипслашиш, жамоа бўлиб ишлаш руҳиятини пайдо қилади. Бу эса маънавий маконда ҳар бир ходимнинг шахс сифатида ижтимоийлашувида ижобий маъно касб этади. Зеро, Баҳоуддин Нақшбандийнинг хилватда яшашда офат бор, инсонлар орасидан ўрин олиш, улар билан бирга бўлишда ҳикмат бор, деган фикрлари жамоа бўлиб бирлашишга ундайди.
Маълумки, давлатимизнинг тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида вазирлик, идоралар ва ташкилотларда оммавий ахборот воситалари, замонавий электрон ускуналар ҳамда интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда ўзбек тилидаги сўз ва ибораларнинг маънолари бўйича тушунчалар бериб бориш, ходимларнинг маънавий дунёсини юксалтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланган. Шуни инобатга олиб, вазирликнинг кириш фойесида электрон «Маълумотлар ойнаси» (Инфокиоск) ўрнатилган ва унда «Кун ҳикмати», «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», «Кун саволи» рукнларида маънавий-маърифий мазмундаги ҳикматлар, ўзбек тили бўйича қизиқарли маълумотларни бериб бориш йўлга қўйилган.
Ходимлар ушбу ҳикматли сўзлардан маънавий билимларини бойитиб, оила даврасида фарзандлар тарбиясида ҳам унумли фойдаланишмоқда. Таъкидлаш жоизки, вазирликнинг ушбу ташаббуси республикамиздаги бошқа ташкилотлар фаолиятида ҳам татбиқ қилинмоқда.
Давлат тили тарғиботи – давр талаби
«2020 – 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси»да давлат тилининг жамият ҳаётига тўлиқ жорий этилишини таъминлаш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, замонавий, янги авлод ўқув луғатларини тузиш ҳамда уларнинг электрон шаклларини ва соҳалар бўйича атамалар луғатини яратиш каби вазифалар белгиланган.
Шунга мувофиқ, вазирлик мутахассислари, нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда илмий тадқиқот институтларининг профессор-ўқитувчилари ҳамкорликларида давр руҳи ва талабидан келиб чиқиб, 4200 дан ортиқ атамани жамлаган «Иқтисодиёт атамаларининг изоҳли луғати» ҳамда унинг электрон шакли тайёрланди. Луғатда иқтисодий фаолият билан боғлиқ атамаларнинг маънолари изоҳлаб берилган бўлиб, қуйидаги афзалликларга эга: QR-код орқали электрон шаклга осон ўтилади; дизайни ўзига хос ва ўқиш қулай; лингвистик экспертизадан ўтказилган; айрим атамаларнинг лексикографик изоҳлари кенгайтириб берилган ҳамда изоҳлар содда ва оммабоп.
Луғатнинг ўзига хос жиҳатлари эса: алифбодаги ҳар бир ҳарф учун QR-коднинг алоҳида қўйилганлиги; амалиётда қўлланаётган янги атамаларнинг киритилганлиги; ҳар бир ҳарфнинг моҳиятини очиб берувчи рамз ҳамда иқтисодий нақлларнинг қўлланганлигида намоён бўлади. Масалан: Рақамли иқтисодиёт – иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизими. Баъзида у «интернет иқтисодиёти», «янги иқтисодиёт» ёки «веб-иқтисодиёт» деган терминлар билан ҳам ифодаланади. 1995 йилда америкалик дастурчи Николас Негропонте «рақамли иқтисодиёт» терминини илк бор амалиётга киритди. Ҳозирда бу атамани бутун дунёдаги сиёсатчилар, иқтисодчилар, журналистлар, тадбиркорлар – деярли барча қўлламоқда. 2016 йилда Бутунжаҳон банки дунёдаги рақамли иқтисодиётнинг аҳволи ҳақида биринчи марта маъруза эълон қилди.
Фрилансер – ўзи учун ишлайдиган мустақил мутахассис. Уларнинг ўзи мижозни қидиради, шунингдек, қандай иш қилиш ёки қандай хизматларни тақдим этиш тўғрисида ўз хоҳиши ва имкониятларига қараб қарор қабул қилади ва ўзи учун қулай иш жадвалини белгилайди. Кўпинча ўз хизматлари тўғрисидаги таклифларни ихтисослашган онлайн манбалар, газета рекламалари ёки интернет воситалари орқали бериб боради. Улар бир вақтнинг ўзида бир ёки бир нечта мижозлар билан ишлашлари мумкин.
Ушбу луғатни Вазирлик ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти профессор-ўқитувчилари ҳамда экспертлар билан ҳамкорликда заруриятга қараб тўлдирилиб бориш кўзда тутилган.
Ютуқлар, таклиф ва тавсиялар
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини ошириш, ўзбек тилини давлат тили сифатида амалий ҳаётимизга кенг жорий этиш, ўзбек тилининг лотин алифбосини ўргатиш ва имло қоидаларини амалиётда кенг қўллаш бўйича вазирлик фаолиятида озми-кўпми тажрибалар тўпланди. Вазирликда бу борада тизимли амалга оширилаётган маънавий юксалишлар, албатта, ўз натижасини бермоқда. Жорий йилда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» республика танловининг «Давлат тилида иш юритишни йўлга қўйган энг яхши тизим» йўналишида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Бу эътироф вазирлик ходимларининг давлат тилида саводли иш юритишида янада кучли рағбат бўлди. Шунингдек, вазирлик «Энг намунали вазирлик ва идора» республикатанловида ҳам совриндорлар сафидан жой олди. Шу ўринда, айтиш керакки, ютуқ ва тажрибаларни бошқа ташкилот, идоралар билан ўртоқлашиш, айрим таклиф ва тавсияларни тақдим этиш, фойдадан холи бўлмайди.
Авваламбор, 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбар ва ишчи ходимлари учун тажрибали тилшунос-ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда «Лотин ёзуви сабоқлари», «Давлат тилида иш юритиш сабоқлари», «Ўзбек тилининг имло қоидалари» машғулотларини ташкил этиш керак. Бундай маҳорат дарсларида ходимлар ўз фаолиятида дуч келадиган муаммоли ҳолатларни бартараф қилишнинг йўл-йўриқларини аниқ тушуниб оладилар.
Иккинчидан, давлат ва нодавлат ташкилотлар ўз фаолияти доирасида тегишли услубий-амалий электрон қўлланмаларни яратиши лозим. Бу каби қўлланмаларда айнан муайян тизимда ўзбек тилида иш юритишнинг ўзига хосликлари ёритилиши, ҳужжатларни расмийлаштиришдаги муаммоли ҳолатлар бўйича тавсиялар акс этиши зарур. Ишнинг бу тарзда ташкил қилиниши ходимларнинг ўзбек тилида ўзбек-лотин ёзувида иш юритишини осонлаштиради, она тилимизга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлайди.
Учинчидан, атамалар ҳар бир соҳада мавжуд бўлиб, улар муайян соҳанинг ажралмас қисми ҳисобланади. Иш юритишда атамадан тўғри фойдаланиш учун унинг маъносини, қандай терминологик тушунчани ифодалаётганини ходим яхши билиши жуда зарур. Негаки, атаманинг маъноси яхши англанмаса, ундан соҳавий ҳужжатларда тўғри фойдаланилмайди, ходим ўз фаолиятида сўзни мақсадга мувофиқ қўллай олмайди. Шу боис, келгусида соҳаларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қўлланадиган атамаларнинг маъно нуқтаи назаридан мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш зарур.
Тўртинчидан, давлат ва нодавлат ташкилотларининг интернет сайтлари ва бошқа электрон ускуналарда «Кун ҳикмати», «Имло қоидалари», «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» рукнларида ўзбек тилидаги сўзлар маънолари акс этган видеороликларни намойиш этиб бориши жоиз. Бу орқали ходимларнинг сўз бойлиги ошади, маънавий-маърифий дунёси теранлашади, миллий эстетик малакалари шаклланади.
Бешинчидан, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўз соҳасига оид атамаларнинг изоҳли «чўнтак» луғатларини тайёрлаши, уларнинг электрон нусхаларини тегишли интернет сайтларига жойлаштириб бориши керак. Луғатларнинг олиб юришга қулайлиги ходимларнинг тез-тез уларга кўз югуртириб туришга сабаб бўлади.
Олтинчидан, Давлат тест маркази томонидан раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражасини аниқлаш мақсадида тест синовларидан ўтиши белгиланган. Бизнингча, бундай синовлардан фақат раҳбар ходимлар эмас, раҳбар ўринбосарлари, департаментлар, бошқарма ва бўлимлар бошлиқлари лавозимига тайинланаётган номзодлар ҳам ўтиб туриши мақсадга мувофиқ. Негаки, ташкилотда тайёрланаётган ҳужжат дастлабки босқичда бўлим, бошқарма ва департаментлар бошлиқлари, кейинги босқичда раҳбар ўринбосари назаридан ўтади. Давлат тилида саводли иш юритишга лаёқатли раҳбаргина қўл остидаги ходимдан саводли иш юритишини талаб қила олади.
Еттинчидан, юқори турувчи ташкилот ўзига бўйсунувчи қуйи бўғиндан фақат ўзбек-лотин алифбосида ёзилган ҳисобот ва ҳужжатларни талаб қилиши ҳам миллий ёзувимиз нуфузининг ошишига ва яхши тарғиботига сабаб бўлади. Давлат тилини кенг жорий этиш, ўзбек-лотин алифбосидан ходимларнинг ялпи фойдаланишига эришишда талабни бўшаштирмаслик лозим. Чунки, талаб заруриятни келтириб чиқаради. Бизга бу сув ва ҳаводек зарур. Афсуски, ўтган йиллар давомида давлат тилида саводли иш юритишни ҳам, ўзбек-лотин алифбосида ёзишни ҳам ҳаётий заруриятга айлантира олмадик.
Саккизинчидан, давлат ва нодавлат ташкилотларида фавқулодда вазиятлар пайтида жамоатчиликка тақдим этиладиган маълумотларнинг сурдотаржимаси билан бирга берилишини йўлга қўйиш керак бўлади. Шунингдек, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг давлат хизматларидан эркин фойдаланиш имкониятларини яратиш мақсадида, заруратга қараб шартнома асосида сурдо таржимонлар ёки онлайн сурдотаржима хизматларини кўрсатувчи мутахассисларни жалб этишга ҳаракат қилиш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада таъкидланган «ижтимоий давлат» маърифатли жамият асосига қурилар экан, унинг таг замини ҳисобланган она тилимиз қадри ва тарғиботи ҳар бир шахс, ҳар бир жамоа ҳамда жамият учун эътиқод даражасига айланмоғи зарур.
Обиддин Маҳмудов,
Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича вазир маслаҳатчиси.
Ёрқинжон Одилов,
филология фанлари доктори, профессор.
ЎзА