Тил — миллат руҳи ва миллий ўзлик ифодаси
Ўзбек тилининг тарихий илдизлари, унутилган сўзларни тиклаш ва она тилининг жамият ҳаётидаги ўрни хусусида суҳбат.
Она тили — миллатнинг тарихий хотираси, маънавий қиёфаси ва ўзлигини намоён этувчи бебаҳо бойлик. Унда халқнинг асрлар давомида шаклланган дунёқараши, урф-одатлари, қадриятлари ва ҳаётий тажрибаси мужассам. Тилнинг давлат тили сифатидаги мақоми эса унинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, ривожланиши учун ҳуқуқий асос яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 37 йил тўлиши муносабати билан тилнинг тарихий илдизлари, қадимий сўзларни қайта тиклаш, замонавий атамаларни шакллантириш ҳамда ёш авлод тарбиясида она тилининг ўрни хусусида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Муштарий Холмуродова билан суҳбатлашдик.
— Устоз, тилнинг ўзи муайян мақомга муҳтожми? Агар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилмаганида, бугунги тилимизнинг аҳволи қандай бўлиши мумкин эди?
— Умуман олганда, тил мақомга муҳтож эмас. Инсонга она тилига муҳаббат ва ҳурмат туғилганидан, она алласини эшитганидан бошлаб табиий равишда сингиши керак. Ҳар бир инсон ўз тилини қадрлаши зарур.
Бироқ муайян қадриятни давлат миқёсида, қонун билан мустаҳкамлаш унинг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ва унинг қонун билан ҳимоя қилиниши асосли қарордир. Буни миллий қадриятларимизнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.
— Тил жамият билан бирга ривожланади, ўзгаради. Сиз тилимизнинг тарихий илдизлари бўйича тадқиқотлар олиб боргансиз. Қадимги туркий тил билан бугунги ўзбек тили ўртасида қандай ўзгаришлар юз берган?
— Албатта, тилимиз тарихида муайян узилишлар ва ўзгаришлар бор. Чунки ҳар қандай давлат ва жамиятдаги сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий жараёнлар тилда ҳам акс этади.
Ўзбек тилига араб, форс-тожик ва рус тилларининг таъсири бўлган. Қўшни халқлар билан узоқ йиллар давомида кечган маданий ва тарихий алоқалар натижасида тиллар бир-биридан сўзлар ўзлаштирган.
2017 йилда Туркия тили қуруми томонидан ташкил этилган конференцияда қатнашганимда, арабшунос ва форсшунос олимлардан бири ўзбек тилидаги сўзларнинг катта қисми араб ҳамда форс-тожик тилларига мансублигини таъкидлаб, соф туркий сўзларга мисол келтиришни сўраган эди. Бу ҳолат тилимизнинг тарихий қатламларини янада чуқурроқ ўрганиш зарурлигини кўрсатади.
Менимча, қадимги ва эски туркий тилга оид, вақт ўтиши билан истеъмолдан чиқиб кетган сўзларимизни ўрганиш ва имкон қадар қайта тиклашимиз керак. Чунки тилнинг ҳар бир сўзи халқнинг тарихий хотираси ва ўзлиги билан боғлиқ.
— Демак, унутилган сўзларни қайта истеъмолга киритиш миллий ўзликни англашга ҳам хизмат қилади. Бунинг инсон тафаккури ва ҳиссиётлари билан қандай боғлиқлиги бор?
— Инсон ўз ҳиссиётларини, энг аввало, она тилида ифодалайди. Қайси тилни ўрганишидан қатъи назар, қувонганида, изтироб чекканида ёки жаҳли чиққанида кўпинча ўз она тилига мурожаат қилади. Бу тилнинг инсон руҳияти билан нақадар чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади.
Туркий халқларда турли ҳолатлар, ҳиссиётлар ва жараёнларни ифодаловчи жуда кўп сўзлар мавжуд бўлган. Масалан, Алишер Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида йиғлаш тушунчасининг турли маъно ва даражаларини кўрсатган. Бугун эса кўплаб нозик маъноларни биргина умумий сўз билан ифодалашга одатланиб боряпмиз.
Инсон ўз кечинмаларини қанчалик аниқ англаб, ифодалай олса, ўзини ҳам шунчалик яхши тушунади. Шунинг учун қадимий сўзларимизни ўрганиш, уларнинг маъносини англаш ва ҳаётимизга қайтариш муҳим. Бу жараён тил бойлигини ошириш билан бирга, ўзлигимизга яқинлашишимизга ҳам ёрдам беради.
— Бугунги кунда кўплаб хорижий атамаларга ўзбекча муқобиллар таклиф этилмоқда. Уларнинг қай даражада муваффақиятли эканини қандай баҳолайсиз? Атама танлашда нималарга эътибор бериш лозим?
— Бошқа тиллардан ўзлашган сўзларни ўзбекчалаштиришга мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ алоҳида эътибор қаратилган. Ўша даврда автобусга «кўпкўрар», телефонга «туровоз», аэропортга «тайёрагоҳ», самолётга эса «тайёра» каби муқобиллар таклиф қилинган. Бироқ уларнинг айримлари халқ орасида кенг оммалашмаган.
Бу ерда муҳим бир жиҳат бор: янги атамани мутахассислар таклиф қилиши мумкин, аммо унинг яшаб кетиши, аввало, халқ томонидан қабул қилинишига боғлиқ.
Автобус, компьютер, маркетинг каби халқаро миқёсда кенг қўлланадиган сўзларни ўз шаклида сақлаш мақсадга мувофиқ бўлган ҳолатлар ҳам бор. Шу билан бирга, ўзбек тилининг ички имкониятлари асосида муқобиллар яратиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш керак.
Масалан, пароль сўзига муқобил сифатида «ўрон» атамасининг таклиф қилиниши ёки «намлагич» сўзининг муайян тушунчани ифодалашда қўлланиши шундай изланишлар жумласидан. Бунда асосий мезон — сўзнинг мазмунни тўғри ифодалаши, тилимизнинг табиатига мослиги ва халқ учун тушунарли бўлишидир.
Яна бир муҳим манба — шеваларимиз. Уларда қадимий туркий сўзларнинг кўплаб намуналари сақланиб қолган. Уларни ўрганиб, адабий тилга мос келадиганларини аниқлаш лозим. Зеро, янги сўз яратишдан кўра, тилимизнинг мавжуд бойликларини кашф этиш ва улардан фойдаланиш самаралироқ бўлиши мумкин.
— Бугунги кўптиллилик шароитида миллий руҳни, она тилига ҳурматни сақлаш учун нималар қилиш керак? Айниқса, ёш авлод тарбиясида тилнинг ўрни қандай?
— Бу жуда долзарб масала. Тил шунчаки мулоқот воситаси эмас. У орқали инсоннинг фикрлаши, дунёқараши, маданияти ва муомала одоби шаклланади.
Бугунги кунда айрим ота-оналарнинг фарзандларини ўзга тилларда таълим бериладиган мактаб ва боғчаларга жойлаштиришга интилиши кузатилади. Бошқа тилларни ўрганиш, албатта, фойдали. Бироқ бу жараёнда она тилининг ўрни ва миллий тарбиянинг аҳамияти эътибордан четда қолмаслиги керак.
Бола ҳаётининг дастлабки босқичларида тил орқали атроф-муҳитни англайди, катталар билан муносабат ўрнатади ва муайян маданий қадриятларни ўзлаштиради. Шу сабабли оилада, мактабгача таълим муассасаларида ва мактабларда ўзбек тилига эътибор кучли бўлиши зарур.
Тил билан бирга мақоллар, маталлар, урф-одатлар, одоб-ахлоқ меъёрлари ва халқнинг кўп асрлик тажрибаси ҳам авлоддан авлодга ўтади. Демак, она тилини асраш миллий маданиятни асраш билан чамбарчас боғлиқ.
Бу ишни энг аввало оиладан, боланинг илк тарбиясидан бошлаш керак. Фарзанд ўз она тилида равон сўзлашиши, фикрини эркин ифодалаши ва миллий қадриятларни англаши учун зарур шароит яратиш муҳим.
— Демак, она тилига муносабат ватанпарварлик туйғуси билан ҳам узвий боғлиқ. Тилимизнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида қандай хулосага келишимиз мумкин?
— Тилга эътибор фақат байрамлар ёки муайян саналар билан чекланиб қолмаслиги керак. У кундалик ҳаётимизда, таълимда, илм-фанда ва жамиятнинг барча соҳаларида намоён бўлиши лозим.
Ўзбек тилининг тарихий бойлигини ўрганиш, унутилган сўзларни тиклаш, замонавий атамаларни пухта ишлаб чиқиш ва ёш авлодда она тилига ҳурматни шакллантириш — буларнинг барчаси ўзаро боғлиқ вазифалардир.
Бошқа тилларни ўрганиш билан бирга ўз она тилимизни ҳам чуқур билишимиз, унинг имкониятларидан тўғри фойдаланишимиз керак. Чунки тилни қадрлаш — ўз тарихимизни, маданиятимизни ва миллий ўзлигимизни қадрлаш демакдир.
Хулоса ўрнида
Суҳбатдан англашиладики, она тилининг тараққиёти фақат қонуний мақом ёки янги атамалар билан белгиланмайди. Унинг ҳақиқий кучи халқнинг кундалик ҳаётида, оиладаги тарбияда, таълим тизимида ва жамиятнинг тилга бўлган муносабатида намоён бўлади.
Ўзбек тилининг тарихий қатламларини чуқур ўрганиш, қадимий сўзларни қайта кашф этиш ва замонавий эҳтиёжларга мос равишда ривожлантириш келажак авлод олдидаги муҳим вазифалардан биридир. Зеро, она тилини асраш — ўтмиш меросини сақлаш билангина чекланмай, миллатнинг келажагини ҳам мустаҳкамлашдир.
ЎзА мухбири Шербек Исломов суҳбатлашди.