Ижтимоий мослашув – умидсизликдан улкан имкониятлар сари
21-22 октябрь кунлари Самарқандда ўтказиладиган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл” мавзусидаги жаҳон саммити иштирокчилари кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарда кутиб олинмоқда.
Бугун саммит иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига қарашли марказ ва ижтимоий муассасаларга саёҳат ташкил этилди.

Дастлаб меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан танишди. Айни пайтда мазкур марказ ҳамда шаҳардаги 197 та маҳаллада фаолият кўрсатаётган 290 нафардан ортиқ ижтимоий ходим 12 тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга юздан зиёд хизматлар кўрсатиб келмоқда.
– Бугунги кунда шаҳримизда васийлик ва ҳомийликка берилган ҳамда муассасаларда тарбияланаётган 1006 нафар вояга етмаган бола бор, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори ўринбосари Сардор Раббимов. – Уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб ҳаёт шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, болаларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар қамровини кенгайтириш мақсадида маҳаллаларда хизматлар сони 25 тадан 52 тага оширилди. 3 та муқобил оилавий тарбия шакли жорий этилиб, 893 нафар бола тегишли хизматлар билан қамраб олинди.

Қайд этилишича, Самарқанд шаҳридаги СОС болалар маҳаллалари билан ҳамкорликда 120 нафар болага ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, 11 нафар боланинг оилавий муҳитга қайтарилиши таъминланган. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ҳамда мустақил ҳаётга тайёрлаш мақсадида “Меҳр дафтари” жамғармаси орқали 81 нафар болага турли йўналишларда амалий ёрдам кўрсатилди.
Марказ фаолияти билан танишув асносида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Шоҳруҳ Ҳидоятов тизимда яқинда ишга туширилган “Бола ҳимояси” модули ҳақида батафсил маълумот берди.
[gallery-32066]
– Мазкур модуль болалар билан боғлиқ хавф-хатарларни эрта аниқлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади, – дейди Шоҳруҳ Ҳидоятов. – Унда 28 та хавф-хатар йўналиши ва 146 та мезон белгиланган бўлиб, давлат органлари, судлар, тиббиёт ва ички ишлар муассасаларидан келиб тушадиган маълумотлар асосида хавфли ҳолатлар аниқланади. Зарур ҳолларда 24 соат ичида тезкор чоралар кўрилиб, ҳар бир бола учун индивидуал ҳимоя режаси ишлаб чиқилади ва керакли ижтимоий хизматлар ташкил этилади.
Пресс-тур давомида иштирокчилар Самарқанд туманида яқинда фаолият бошлаган “Имкон” реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишди.
– Октябрь ойидан иш бошлаган муассасамизнинг асосий вазифаси болаларни соғломлаштиришдан иборат, – дейди кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Нигина Муродова. – Шу билан бирга, бу ерда болаларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш кўникмалари шакллантирилади ва уларнинг жамиятга мослашишига кўмаклашилади. Марказ 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда 10 та махсус гуруҳ ташкил этилган. Уларга 130 нафар тарбиячи-педагог ва ижтимоий ходим бириктирилган. Қолаверса, ҳар ойда 100 нафаргача болага амбулатор тартибда 20 дан зиёд сифатли реабилитация хизматлари кўрсатилади.
Бу ердаги муҳит ва яратилган тизим ҳар бир боланинг индивидуал эҳтиёжларига мослаштирилган. Марказга таянч-ҳаракат тизими касалликлари ва нуқсонлари, ақлий ва психо-нутқий ривожланишдан ортда қолаётган, эшитиш ва кўриш аъзоларида муаммоси бор, шунингдек, туғма ҳамда ирсий касалликларга чалинган 2 ёшдан ошган болалар қабул қилинади.
Муассасада кўп тармоқли малакали мутахассислар жамоаси фаолият юритади. Болаларга педиатр, дефектолог, психолог, офтальмолог, невролог, ортопед, оториноларинголог ва психоневролог томонидан чуқурлаштирилган диагностика ҳамда маслаҳат хизматлари кўрсатилади.
Айни пайтда юртимизда 4 та “Имкон” ва 1 та “Умид” маркази фаолият кўрсатмоқда. Ушбу муассасаларда болаларнинг 10,5 соат ёки 24 соат давомида бўлишига мўлжалланган гуруҳлар ташкил этилган.
Хорижий делегациялар вакиллари, хусусан ЮНИCEФнинг Европа, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори Эдуард Бегбедер ҳамда ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиллари Самарқанд шаҳридаги 67-давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб, тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароит, таълим-тарбия жараёни ва болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига қаратилган машғулотларни кузатиш имкониятига эга бўлди.

Шунингдек, SmartED лойиҳаси доирасида жорий этилаётган янги мактабгача таълим ўқув дастури, жумладан, “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида амалга оширилаётган замонавий ва инклюзив таълим ёндашувлари меҳмонларга тақдим этилди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари