TikTok Бразилияда 25,5 миллион евро жаримага тортилди
Бразилия Миллий маълумотни ҳимоя қилиш идораси "TikTok" ижтимоий тармоғи эгаси "Byte Dance" компаниясини болалар ва ўсмирлар шахсий маълумотини қонунга хилоф тарзда қайта ишлагани учун 153,7 миллион реал – қарийб 25,6 миллион евро жаримага тортди. Текширув чоғи 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш чораси етарли даражада самара бермагани аниқланган.
Компания ноқонуний тўпланган маълумотни ўчириш ва болалар хавфсизлигини кучайтириш мақсадида тузилган махсус режани бажариши керак. Яъни, 16 ёшгача бўлганлар саҳифасида қатъий махфийлик созламасини жорий этиш, ота-она назоратини кучайтириш ва маҳсулотни тозалаш тизимини такомиллаштириш талаби қўйилган.
Рўйхатдан ўтмасдан фойдаланиладиган “TikTok” версияси учун ҳам янги чеклов белгиланди. Энди Бразилия ҳудудида реклама тўхтатилади, фақат барча ёшдагиларга мос контент намойиш этилади ва фойдаланиш вақти 12 соат билан чекланади. Шундай режимда жонли эфирни кўриш ва юклаш ҳам тақиқланади.
Бразилия сўнгги йилларда ижтимоий тармоқ устидан назоратни кучайтирмоқда. Янги қонун 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчилар саҳифасини ота-она аккаунтига боғлаш ва ёшни тасдиқлашни тақозо қилади.
Аввалроқ мамлакатда “Discord” платформасига ҳам жонли эфир ва видео қўнғироқни вақтинча тўхтатиш талаби қўйилган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА