Тиббиётдаги ислоҳотлар олис манзилларга етиб бордими?
Навоий вилояти Ўзбекистондаги энг ёш, бироқ майдони энг катта ва энг кам аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуддир. 46,63 минг квадрат километр майдонни эгаллаган Учқудуқ эса вилоятдаги энг катта туман ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланган “Тиббий ракурс” дастурининг навбатдаги сонида ҳудудда бирламчи тиббий ёрдамни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилинди.
Туман марказидан 200 километр узоқда жойлашган Кўкаёз овулида атиги 46 нафар инсон истиқомат қилади. Ана шундай олис манзилга тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар етиб бориб, амалда ўз натижасини кўрсатаётгани кишини қувонтиради.
Кўкаёз оилавий шифокор пунктида ишлаб келаётган қорақалпоғистонлик Ғайрат Ражаповнинг бу ерга келганига роппа-роса бир йил бўлди. Ёш шифокор пойтахтдан қарийб 1000 километр, вилоят марказидан 500 километр олисдаги овулда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шифокор тиббий назоратда турадиган ҳар бир беморнинг аҳволидан кунора хабар олиб туради.
– Бир қараганда 46 нафар фуқаро оз кўринсада, уларнинг орасида 3-4-хавф гуруҳи беморлари бор. Уларнинг аҳволидан мунтазам хабар олиб турамиз, уйларига бориб тиббий хизматлар кўрсатамиз. Керакли маслаҳат ва тавсияларимизни бериб борамиз, – дейди Ғайрат Ражапов.
– Бундан олдин бизда врач йўқ эди, – дейди Ақчагул опа. – Ғайрат Ражаповнинг бу ерга келиб, ишлаётганидан жудаям хурсандмиз. Ёш кадр, олий маълумотли. Хабар қилишимиз билан етиб келиб, бизни кўрикдан ўтказиб, керакли ёрдамни беради.
Бағчагул опанинг айтишича, олдинлари бу ерда ҳатто сув, газ йўқ, тиббиёт кириб келмаган эди. Уларнинг бирон жойи оғриса тумандаги шифохоналарга боришар, чўл шароити учун ноқулай бўлган “Дамас” автомашинасида қатнар эди. Ҳудуд шароити учун қулай бўлган “УАЗ” тез ёрдам машинасининг Президентимиз совғаси сифатида топширилиши аҳолининг узоғини яқин қилди. “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган Сайпулмалик Хўжабаев бугун ана шу машинада кўкаёзликларга хизмат кўрсатмоқда.
– Бу йўлларда "Дамас"да юриш қийин эди. “УАЗ”да ҳаракатланиш эса анчайин қулай. Ўзим ҳам шу ерда туғилиб ўсганман. Овулдошларимга оз бўлсада нафим тегаётганидан хурсандман, – дейди Сайпулмалик Хўжабаев.
Энг чекка ҳудуд бўлишига қарамай, овул аҳли учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратилган. Замонавий боғча ва мактаб, бекаму-кўст коммунал хизматлар, интернет тармоғи ва албатта, сифатли бирламчи тиббий-санитар ёрдами муассасаси ҳудуд аҳолиси хизматида.
Биргина мисол, бугунги кунда овулда 8 нафар мактаб ёшидаги, 4 нафар боғча ёшидаги бола яшайди. Бироқ улар таълим-тарбия олиш учун бошқа ҳудудларга қатнаши имконсиз. Шу сабабли юртимизнинг ана шу фарзандлари учун овулнинг ўзида давлат томонидан бирор туман ёки вилоят марказидаги муассасалардан қолишмайдиган бутун бошли замонавий мактаб ва боғча бинолари қуриб берилгани кишини ҳайратга солади. Уларда сўнгги русумдаги компьютерлар, спорт зали ва майдончалари мавжуд. Болаларнинг саломатлиги эса мунтазам назоратда.
Қизилқум бағридаги яна бир манзил – Жузқудуқ овули. Бор-йўғи 150 киши яшайдиган овулда 25 қатновга мўлжалланган оилавий шифокорлик пункти фаолият юритади. Ушбу муассасада хоразмлик Турсунбой Ҳайитбоев узоқ йиллардан бери жузқудуқликларга тиббий хизмат кўрсатиб келади.
Учқудуқ тумани Қозоғистон билан чегарадош минтақа бўлгани сабабли қишда шимолдан совуқ ҳаво массалари тўғридан тўғри кириб келади. Ёзда эса Қизилқумнинг жазирамаси танангизни куйдиради. Табиийки, бундай иқлим шароитида аҳолига бирламчи сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун давлатнинг алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги зарур. Қувонарлиси, жузқудуқликлар ана шу эътиборни ўз ҳаётларида ҳис қилмоқда.
М.Қосимова, ЎзА