Тиббиёт ходимлари меҳнати эътироф этилди
Ҳар йили юртимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Навоий вилоят ҳокимлигида тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокими Нормат Турсунов соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини табриклаб, тизимда эришилаётган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳаёти учун муҳим ва зарур соҳалардан бири бўлган – соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, уни жаҳон талаблари даражасига кўтариш ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Эътиборлиси, аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг билими ва касб маҳоратини ошириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар бугун ўзининг ижобий самараларини кўрсатмоқда.
– Сўнгги йилларда вилоятимизда 128 та бирламчи тиббий ёрдам муассасалари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 269 тага етказилиб, 2,3 бараварга оширилди, – деди вилоят раҳбари. – Шунингдек, жорий йилнинг ўзида вилоятда янгидан 27 та оилавий шифокорлик пункти, 6 та оилавий поликлиника ҳамда 116 та маҳалла тиббиёт пунктининг фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 400 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланди. Ушбу соҳани ривожлантириш учун 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Ўтган йилда 20 та объектда 62,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, жорий йилда 32 та объектда 84,3 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди. Жойларда, айниқса, қишлоқларимизда аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.

2023 йилда 56 нафар шифокор хорижий давлатларда малака оширган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида улар сони 132 нафарга етди. Бунинг натижасида янги даволаш ва текширув усуллари йўлга қўйилиб, чет эл тажрибасини вилоятда татбиқ этиш орқали тиббий хизмат сифатини оширишга эришилмоқда.
Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида, тажрибали шифокорлар кўмагида айрим мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоятнинг ўзида амалга оширилишига имконият яратилди.
Хусусан, биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда 2745 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шунингдек, Болалар миллий маркази билан биргаликда 60 нафар болада юрак туғма нуқсонларини бартараф қилиш борасида жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, улар соғлом ҳаётга қайтарилди.
Тадбирда Президентимиз фармонига асосан тақдирланган Республика тез тиббий ёрдам марказининг Навоий вилояти филиали Қизилтепа тумани бўлими бош фельдшери Гулнора Авезовага II даражали “Саломатлик” ордени, Ғозғон шаҳри тиббиёт бирлашмаси тиббий бригада ҳамшираси Муниса Намозовага “Соғлом турмуш” медали, бир гуруҳ соҳа фидойиларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири