Тиббиёт хабарлари
Дори воситаларининг ножўя реакцияларини қайд этиш ва мониторинг қилиш тизими тўлиқ рақамли шаклга ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 21 январдаги тегишли буйруғига мувофиқ, ножўя реакциялар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ҳамда уларни ягона электрон платформа орқали юритиш тартиби жорий этилди.
Мазкур тизим фармаконазорат жараёнларини марказлаштириш, маълумотлар сифатини ошириш ҳамда ножўя реакциялар ҳақидаги хабарларни тезкор ва ишончли тарзда қабул қилиш имконини бераётир. Бугунги кунда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари аниқланган ҳолатларни ягона платформа орқали тизимли равишда рўйхатдан ўтказиб келмоқда.
Ҳозирда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси эгалари томонидан тайинланган фармаконазорат бўйича масъул шахслар учун ҳам ножўя реакциялар ҳақида мустақил хабар юбориш имкониятини жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
***
Юртимизда 1991 йилда 723,4 минг бола туғилган бўлса, 2000 йилга келиб бу кўрсаткич 527,6 минггача камайган. Кейинги даврда туғилишлар сони кўпайиб, 2010 йилда 634,8 мингга, 2020 йилда эса 841,8 мингга етган. 2023 йилда 962 минг бола туғилиб, 1991 йилдан буён энг юқори кўрсаткич қайд этилган.
Бироқ сўнгги икки йилда бу рақам пасайган: 2024 йилда 926,4 минг, 2025 йилда эса 879,6 минг бола туғилган. 2026 йил январь-июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 373,4 мингта туғилиш қайд этилган.
***
Президентимизнинг 2025 йил 9 ноябрдаги “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жорий йил 12 июнь куни Ҳукумат қарори билан тегишли низом тасдиқланган эди.
Низомга мувофиқ, давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандлари учун республика олий таълим ташкилотларида бакалавриат йўналиши бўйича йиллик тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи қоплаб берилади.
Бунда қопланадиган маблағ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаслиги лозим.
2026 йил 14 октябрь ҳолатига кўра, ушбу ҳужжат асосида 20 минг 846 та ариза қабул қилинган. 6311 нафар талабанинг контракти учун 27 миллиард 200 миллион сўм тўлаб берилди, яна 4848 нафар талабанинг тўлови учун 19 миллиард 200 миллион сўм ажратиш жараёни давом этмоқда. Қолган 9687 та ариза кўриб чиқиляпти.
Амалга оширилган тўловлар бўйича хабарнома Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризачининг шахсий кабинетига юборилади.
***
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда ёш мутахассисларнинг илмий-амалий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, соҳадаги илғор ютуқлар ва замонавий даволаш усулларини ёш шифокорлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида тиббиёт марказларида мунтазам равишда илмий-амалий семинарлар ташкил этилмоқда.
Ёш мутахассислар, клиник ординаторлар ва магистрлар иштирокида кўкрак бези саратонининг замонавий диагностикаси ва даволаш усулларига бағишлаб семинар ўтказилди.
Семинар дастуридан «Сут бези саратонининг замонавий морфологик ва молекуляр-генетик диагностикаси: гистологик хусусиятлар, иммуногистохимик профиль ва соматик мутациялар» мавзусида тақдимот ўрин олди. «Сут бези саратони жарроҳлигида замонавий ёндашувлар: аъзони сақлаб қолувчи операциялар ва онкопластик реконструкция усуллари» мавзусида маъруза тингланди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА