Тиббиёт хабарлари
Маҳаллий фармацевтика корхоналари вакиллари иштирокида Zoom платформаси орқали онлайн мулоқот ташкил этилди. Унда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг масъул ходимлари иштирок этиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Хусусан, “ZUMA PHARMA” МЧЖ томонидан тақдим этилган 5 номдаги дори воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, “UZGERMED PHARM” МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган 5 номдаги дори воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномалари амал қилиш муддатини узайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида корхона вакилларининг саволларига масъул мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилиб, экспертиза жараёнида аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар тақдим этилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан очиқ ва амалий мулоқот олиб бориш дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнидаги масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, белгиланган талаблар ижросини таъминлаш ҳамда фармацевтика соҳасида самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
***
Москва шаҳридаги «Hadassah Medical Moscow» клиникасида ўтказилган «Ядровий тиббиёт: бугун ва келажак» халқаро конференциясида шифокорларимиз ҳам иштирок этди.
Анжуман доирасида замонавий тиббиётнинг энг муҳим йўналишлари — позитрон-эмиссион томография ва компьютер томографияси (ПЭТ/КТ), радионуклид терапия, тераностика, инновацион радиофармацевтик препаратлар, шунингдек, дозиметрик режалаштириш ва рақамли технологияларга оид масалалар кенг муҳокама қилинди.
Ташриф давомида мутахассислар мазкур клиниканинг асосий диагностик ва даволаш бўлимлари, хусусан, ядровий тиббиёт маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, клиник жараёнлар, беморларни тиббий йўналтириш тизими ҳамда илғор диагностика ва даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш тажрибаси ўрганилди.
Тадбир доирасида «Hadassah Medical Moscow» бош шифокори Борис Чурадзе билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида икки томонлама мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилиниб, мамлакатимиз мутахассисларини мазкур етакчи клиникага стажировка ва малака ошириш учун юбориш бўйича келишувга эришилди.
***
“Pharm Service” давлат муассасаси тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчи корхоналарда ISO 13485:2016 халқаро стандартини жорий этиш бўйича профессионал консалтинг хизматларини йўлга қўйди.
Маълумот учун, ISO 13485 стандарти маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш, халқаро талабларга мувофиқликни ошириш ва янги бозорларга чиқиш сари муҳим қадамдир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА