Тиббиёт хабарлари
Мамлакатимизда онкология ва радиология соҳасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда илғор хорижий амалиётга асосланган замонавий юқори технологияларни амалий жараёнга кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда халқаро "Gustave Roussy International" Ўзбекистон тиббиёт марказида Илмий кенгашнинг навбатдаги 7-йиғилиши юқори савияда ташкил этилди.
Анжуманнинг кун тартибидан соҳанинг энг долзарб йўналишларига бағишланган муҳим масалалар ўрин олди. Хусусан, йиғилишда тиббиёт фанлари номзоди Зиёда Ирматованинг «Радиацион халокатларда тиббий ёрдам кўрсатиш ва нур терапияси бўйича ўқув марказининг 2025 йил якунлари ҳисоботи» тингланди. Шунингдек, онкогинекология бўлими илмий раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Наргиза Захирова томонидан «Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш дастурини такомиллаштириш мақсадида сунъий интеллект технологияларини жорий этишга асосланган халқаро тадқиқотлар ҳақида маълумот» тақдим этилди.
Тадбир давомида мазкур йўналишлар бўйича амалга оширилаётган амалий ишлар, халқаро илмий тажрибалар ҳамда замонавий инновацион ёндашувларни тиббиёт амалиётига татбиқ этиш истиқболлари юзасидан кенг қамровли фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
***

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига хизмат кўрсатувчи Ижтимоий ҳимоя мажмуаси фаолияти билан танишди.
Мулоқотда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар бериб ўтди.
Учрашувда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, тиббий-ижтимоий экспертиза жараёнларини мувофиқлаштириш, реабилитацияга йўналтириш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга зарур хизматларни манзилли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар фуқароларни тиббий ва ижтимоий хизматларга йўналтиришни мувофиқлаштириш, маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда аҳолига комплекс хизмат кўрсатиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.
***

Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов Хитой Халқ Республикасининг нуфузли вакиллари — «Xitoy Shifo» клиникаси директори Хан Шуёнг ҳамда Шанхайдаги «Shanghai Jinshan Medical Technology» компанияси раҳбари Луань Фэй билан муҳим учрашув ўтказди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Хитой ўртасида илмий, тиббий, инновацион ва инвестицион ҳамкорликни янада ривожлантириш, замонавий тиббиёт ҳамда халқ табобати йўналишларида ўзаро тажриба алмашишдан иборатдир. Шунингдек, мулоқот чоғида Хитойнинг энг сўнгги русумдаги замонавий инновацион тиббиёт ускуналари ҳамда юқори технологик жарроҳлик жиҳозларини ўрганиш, уларни мамлакатимиз тиббиёт тизимига жалб этиш масалалари тегишли тиббий марказ ва ташкилотлар билан ҳамкорликда чуқур таҳлил қилиниши қайд этилди.
Томонлар келгусидаги кенг кўламли халқаро ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва уни мустаҳкам ҳуқуқий база — махсус Меморандум асосида ташкиллаштириш бўйича ўзаро келишувга эришди. Мазкур ҳамкорлик тиббиёт соҳасидаги янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
***

Навоий вилоятида тиббиёт ўлчаш воситаларининг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти Хатирчи туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Навоий шаҳар Марказий шифохонасида метрологик назорат тадбирлари ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Метрология хизмати мутахассислари томонидан Хатирчи туман тиббиёт бирлашмасида 29 дона, Навоий шаҳар Марказий шифохонасида эса 48 дона тиббиёт ўлчаш воситаси кўрикдан ўтказилиб, жами 77 дона ускунанинг техник ва метрологик кўрсаткичлари амалдаги меъёрий талабларга мувофиқлиги баҳоланди.
Тиббиётда қўлланиладиган ўлчаш воситаларининг аниқлиги ташхис қўйиш ва даволаш жараёнларининг ишончлилигида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бундай ускуналарни белгиланган муддатларда метрологик назоратдан ўтказиш зарур.
Аниқлик талабларига жавоб бермайдиган ёки ишончсиз натижа кўрсатаётган ўлчаш воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Ускуналарнинг соз ҳолатда сақланиши, улардан тўғри фойдаланилиши ва ўз вақтида метрологик текширувдан ўтказилиши учун тиббиёт муассасаларининг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланади.
Текширувлар давомида мутахассисларга тиббиёт ўлчаш воситаларидан тўғри фойдаланиш, уларни сақлаш ва белгиланган муддатларда метрологик назоратдан ўтказиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА