Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Миллий тиббиёт марказига энг мураккаб операцияларни янада самарали ва хавфсиз ўтказиш мақсадида Марказий Осиёда ягона бўлган "LivaNova AiC" аппарати олиб келинди.
Энг сўнгги технологиялардан бири бўлган ушбу аппарат сунъий қон айланиши жараёнида максимал аниқлик ва хавфсизликни таъминлайди. Жарроҳлик жараёнини автоматлаштирувчи интеллектуал тизим ҳисобланиб, минимал инвазив ёндашув – беморлар учун тезроқ тикланиш имкониятини беради.
Бу инновацион ускунанинг келтирилиши Марказда кардиохирургия соҳасида катта янгилик бўлиб, ўз навбатида, дунё стандартлари даражасидаги мураккаб юрак операцияларини ўтказиш деганидир.
Қувонарлиси, Марказда ушбу аппарат ёрдамида илк мураккаб юрак жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди. Малакали кардиожарроҳлар жамоаси томонидан аорта клапанини протезлаш, супракоронар аорта протезлаши ҳамда маммаро-коронар шунтлаш операциялари муваффақиятли ўтказилди. Ушбу замонавий ускуна операция жараёнини янада аниқ ва хавфсиз ўтказишга имкон яратди.
***

Айни кунларда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “16-Eurasian Pharma” Евроосиё фармацевтика форуми бўлиб ўтмоқда. Анжуманда 350 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, жаҳон фармацевтика саноати етакчилари, давлат регулятор органлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар онлайн ва офлайн форматда қатнашмоқда.
Форумда онлайн иштирок этган Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров ўз чиқишида фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги, дори воситалари ва тиббий буюмларни Ўзбекистонда рўйхатга олиш жараёнлари ва соҳада халқаро ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратди.
Форум доирасида дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифатини назорат қилиш, бозорга киритиш жараёнларини такомиллаштириш, шунингдек, Евроосиё минтақасида фармацевтика саноатини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 5 мартга қадар давом этадиган “Eurasian Pharma” форуми халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
***

Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси кўмагида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Венгриянинг энг йирик фармацевтика компаниялари “Gedeon Richter” ва “MEDITOP Pharmaceutical” раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида компания вакилларига Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, тармоқни тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвесторлар учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу билан бирга, Венгрия томони Ўзбекистон фармацевтика бозорига катта қизиқиш билдираётгани, маҳаллий имкониятлар ўрганилаётгани ва бу жараёнда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилаётгани таъкидланди.
***

Пойтахтимизда дори воситаларини рақамли маркировкалаш масалалари юзасидан тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган йиғилишда, дори воситаларини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этишда юзага келаётган муаммолар, уларнинг ечимлари, мазкур тизимни самарали жорий этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбиркорлар ахборот тизимлари интеграциясига доир масалалар ҳақида ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Шу билан бирга, мутасадди идоралар вакиллари мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларига зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич татбиқ этиш бўйича амалий чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА