Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Автоҳалокат сабабли оғир жароҳат олган ва суяк муаммолари туфайли йиллар давомида азият чеккан 26 ёшли бемор Миллий тиббиёт марказига мурожаат қилди. Аввалроқ у бир неча хорижий клиникаларда даволанишга уринган, аммо самара бўлмаган.
Марказнинг малакали ортопед-жарроҳлари беморда болдир суякларида сохта бўғим ҳосил бўлгани ва суюкда дефект мавжудлигини аниқлади. Шу сабабли, жарроҳлар томонидан чаноқ суяклари ва болдир суякларидан ауто суяк кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Бундан ташқари, пластина ва винтлар ёрдамида остеосинтезлаш орқали суяк тикланди.
арказ матбуот хизматининг хабарига кўра, операция муваффақиятли ўтди ва ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли. Тикланиш жараёни давом этмоқда, шифокорлар унинг ҳолатини доимий назорат қилиб турибди.
***
Шунингдек, Миллий тиббиёт марказининг Рентгенендоваскуляр жарроҳлик бўлими сўнгги икки ҳафта давомида 250 дан ортиқ жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказди.
Умумий 250 та операциядан 81 таси коронар артерияга стент қўйиш, 3 таси аорта аневризмасига стент-графт имплантацияси, 3 таси оёқ артерияларини баллонангиопластикаси, шунингдек, 4 таси аорта клапанини транскатетер протезлаш (ТАВИ), 1 таси бачадон миомасида эмболизация ёрдамида бартараф қилиш каби мураккаб жарроҳлик аралашувлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, 29 та коронарография, 2 та уйқу артериясини стентлаш ва бир қатор бошқа жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
***
Марказнинг тажрибали кўз микрохирурглари томонидан эса туғма ғилайлик билан туғилган 8 ёшли болада муваффақиятли жарроҳлик амалиёти амалга оширилди.
Операция давомида кўз мушакларининг номутаносиблиги тузатилиб, боланинг кўриш қобилиятини яхшилашга эришилди. Шифокорлар томонидан замонавий жарроҳлик усуллари қўлланилган бўлиб, операция бемор учун хавфсиз ва самарали ўтган.
Айни пайтда беморнинг ҳолати барқарор, кўриш функцияларида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Миллий тиббиёт маркази мутахассислари бундай мураккаб жарроҳлик амалиётларини мунтазам равишда ўтказиб, болалар ва катталар орасида кўз касалликларини самарали даволашни давом эттирмоқда.
Марказда олиб борилаётган бу каби юқори малакали жарроҳлик амалиётлари беморларнинг саломатлигини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА