Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳамкорлик меморандумидан кўзланган мақсад ёш авлодни табиий фанларга қизиқтириш, уларни илмий-техник йўналишда ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлашдир.
Бундан ташқари кимё, биология, фармацевтика каби соҳаларга жалб қилишни ва уларга ушбу йўналишларда билим олиш имкониятларини ошириш кўзда тутилган.

***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида “Unimed Pharmaceuticals Inc.“ компаниясининг вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда компаниянинг жорий ютуқлари ва келгуси режалари муҳокама қилинди.
Компания вакиллари “Tashkent Pharma Park” кластери ҳудудида жойлашган фармацевтика заводининг қурилишини 2025 йил охиригача якунлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишларини билдирди. Завод офтальмологик кўз томчилари, бўғимлар учун гиалурон инъекциялари ва одам плацентасидан ишлаб чиқарилган препаратлар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашади.

***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов “ACDIMA” (Arab Company for Drug Industries and Medical Appliances) компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашув фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тарқатиш ва инновацияларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишга қаратилди.
“ACDIMA” фармацевтика соҳасида етакчи компаниялардан бири бўлиб, минтақавий ва халқаро бозорларда юқори сифатли дори-дармонлар, тиббий асбоб-ускуналар ва биотехнологик маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Компания ўзининг илғор технологиялари, малакали кадрлар базаси ва инновацион лойиҳаларга содиқлиги билан танилган.
“ACDIMA” компанияси вакиллари маҳаллий ҳамкорлар билан қўшма инвестицияларни ўрганиш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш ва мавжуд имкониятларни самарали ривожлантириш бўйича қизиқишларини билдирди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА