Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент Давлат стоматология институти делегацияси расмий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб, нуфузли “China Meheco” корпорацияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Ташриф давомида тиббий-диагностик ускуналар ва жиҳозларни ишлаб чиқарувчи йирик корхонанинг бош директори Ву Ҳао ҳамда халқаро фаолият бўйича менежерлар билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар ўтказилди. Музокаралар давомида ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш, холдинг тармоқ корхонасининг фаолиятини ташкиллаштириш масалалари муҳокама қилиниб, келишувларга эришилди.
Маълумот учун: “China Meheco Corporation” дунёнинг 10 дан ортиқ давлатларида тармоқ корхоналарига эга йирик холдинг бўлиб, унинг 40 га яқин халқаро ҳамкорлари мавжуд ҳамда 403 та шифохонаси фаолият юритмоқда.
***
Миллий тиббиёт маркази шифокорлари томонидан юрак аорта клапанининг транскатетер имплантацияси бўйича икки кунда 4 та мураккаб операция муваффақиятли ўтказилди. Ушбу замонавий усул юқори хавф гуруҳидаги беморлар учун очиқ жарроҳлик операциясига альтернатив сифатида қўлланилди.
Амалиёт давомида беморнинг сон артерияси орқали махсус катетер ёрдамида сунъий клапан ўрнатилди. Бу усул беморнинг соғлиғини тиклашда жарроҳликнинг минимал хавф билан амалга оширилишини таъминлайди.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, операциялар муваффақиятли ўтди ва беморларнинг ҳолати ҳозирда барқарор.
***
Озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар бир истеъмолчи билиши зарур бўлган қоида ҳисобланади. Номаълум шароитларда тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланиш, ботулизм ёхуд асоратли касалликларни ҳам келтириб чиқариши ҳеч гап эмас.
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Бектемир туман бўлими ходимлари томонидан тумандаги маҳаллаларда жойлашган озиқ-овқат дўконларида турли хилдаги номаълум шароитда тайёрланган маҳсулотлар, шунингдек, ботулизм касалликларини келтириб чиқарувчи консерва маҳсулотларини сотмаслик юзасидан профилактик тадбирлар ўтказилиб, огоҳлантириш хатлари тарқатилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир маҳсулотни харид қилиш жараёнида унинг ҳиди, шакли, органолептик хусусияти ўзгармаганлигига, истеъмолга яроқлилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан сўнг, сотиб олиш мақсадга мувофиқдир. Бу, ўз навбатида, оила аъзоларингиз ва ўзингизнинг саломатлигингизга бўлган эътиборни англатади.
***
Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга масъул бўлган хизматлари раҳбарларининг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
V Халқаро илмий-амалий конференцияда 26 давлат ва учта халқаро ташкилотдан 300 дан ортиқ делегатлар иштирок этди. Унда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Баҳодир Юсупалиев ҳам қатнашди.
Ушбу форматдаги учрашувлар 16 йилдан буён ташкилотнинг устувор йўналиши бўлган юқумли ва эпидемик таҳдидларга қарши курашиш масалалари бўйича мунтазам ҳамкорлик механизмидир.
Конференция иштирокчилари соғлиқни сақлаш, эпидемиология, биотехнология ва тиббиётнинг бошқа соҳаларига доир долзарб масалаларни муҳокама қилди.соғлиқни сақлаш, эпидемиология, биотехнология, тиббиётнинг бошқа соҳалари. Замонавий тадқиқотлар натижалари ва амалий ишланмалар тақдим этилди. Якуний хулосалар чиқарилиб, санитария-эпидемиология назорати ва тиббий амалиётни такомиллаштириш бўйича бир қатор тавсиялар берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА