Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Шу йил январь-сентябрь ойларида “Тез ёрдам”га мамлакатимиз бўйича жами 9 миллион 958 минг 507 та мурожаат қайд этилди. Жумладан, бажарилган чақирувларнинг аксарияти, яъни 7 миллион 107 минг 703 таси шошилинч кўрсатма билан шунингдек, сурункали касалликлар – 2 миллион 531 минг 699 та ва туғуруқлар – 64 минг 446 тани ташкил қилди.
Энг кўп мурожаатлар Фарғона (1 040 546 та), Андижон (1 013 131 та), Тошкент (933 600 та), Наманган (905 000 та) вилоятлари ҳамда
Тошкент (1 007 327 та), шаҳрида қайд этилди.
Энг кам чақириқ Навоий (296 046 та), Сирдарё (335 010 та), Жиззах (399 342 та), Бухоро (482 325 та) ҳамда Хоразм (489 761 та) вилоятларида кузатилди.
Шунингдек, “103” хизматига жами 1 990 та ёлғон чақириқ келиб тушган. 1 287 та ҳолатда тез тиббий ёрдам бригадаси чақирув манзилига етиб боргач, эшикни очмаслик вазияти қайд этилган.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилнинг ўтган 9 ойида энг кўп ёлғон чақириқ Самарқанд вилоятида кузатилиб, мазкур рақам 357 тани ташкил этди. Кейинги ўринда Қашқадарё вилояти қайд этилди – 321 та. Тошкент шаҳридан ҳам 249 та ана шундай мурожаат келиб тушган.
Энг кам ёлғон чақириқ эса Сирдарё вилоятида рўйхатга олинди – 6 та.
Ҳозирги кунда “Тез ёрдам” хизматида жами 2 853 та тиббий бригада фаолият олиб бормоқда.
***
Маймун чечаги вируси август ойи ўрталарида Африка минтақасида фавқулодда ҳолат, деб эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Шундан сўнг сентябрь ойида ушбу инфекцияга қарши илк вакцина ЖССТнинг дастлабки квалификациясидан ўтди.
Бироқ касалликка ташхис қўйиш жараёни узоқ вақт талаб этиши ва қатор ҳудудларда диагностика имкониятлари чеклангани туфайли вируснинг тарқалиши тезлашиб кетаётган эди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймун чечагини тезкор аниқлайдиган биринчи экспресс-тестни тасдиқлади. “Abbott Molecular Inc.” компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу синама “Alinity m MPXV” деб номланади.
ПЗР-тестдан, биринчи навбатда, эпидемия авж олган ҳудудлар ҳамда тезкор ва аниқ диагностика воситаларига эҳтиёж кескин ошган мамлакатларда фойдаланишга рухсат берилди.
***
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 7 октябрдаги тегишли буйруғи билан “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси тиббий мақсадларда қўлланиладиган ўлчаш воситаларининг метрологик текширувини ўтказиш бўйича ваколатли ишчи орган этиб белгиланди ва унинг таркибидаги Қиёслаш лабораторияси — Вазирликнинг метрология хизмати этиб қайта ташкил қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Метрология хизмати тиббиёт учун мўлжалланган ўлчаш воситаларини қиёслаш, соҳада қўлланиладиган синов воситаларини аттестациядан ўтказиш ҳамда “Тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозларнинг ҳисоби ва назорати” ахборот тизимида ҳисобини юритиш вазифаларини амалга оширади.
***
Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини кенгайтириш ва экспортёр корхонага айлантириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг “Экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги буйруғи асосида озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорт масалалари ўрганиб келинмоқда.
Ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятида учраётган камчиликларни аниқлаб, чора кўриш мақсадида Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Сергели туман бўлими мутахассислари томонидан “ФИРДАВС ШИРИНЛИКЛАРИ” МЧЖга қарашли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Жараёнда корхона раҳбари билан суҳбатлашиб, санитария-гигиена қоидалари ва экспорт масалалари юзасидан ҳуқуқий маълумот ва тавсиялар берилди.
***
Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров Кореянинг халқаро KOFIH фонди директори ўринбосари жаноб Канг Жи Мюнгни қабул қилди. Учрашувдан кўзланган мақсад, Марказ ҳамда KOFIH фонди ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилаётган QPS лойиҳаси олдидан батафсил муҳокама ўтказиш ва лойиҳа самарали амалга оширилиши учун пухта тайёргарлик кўришдир.
Шунингдек, Марказ директори Беларусь Республикаси Футберг компанияси сотув бўлими раҳбари Юрий Виниченкони қабул қилди. Учрашув давомида, жарроҳлик амалиётларида сифатли жарроҳлик тикув материалларидан фойдаланишда сифат назоратига тўлиқ эътибор бериш ҳамда маҳсулот сифатини баҳолаш учун бир неча босқичли синовдан ўтказиш юзасидан муҳокамалар олиб борилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА