Тиббиёт: Ўзбекистон ва Япония ҳамкорликни кенгайтиради
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Япония – Ўзбекистон “Ипак йўли” жамғармасининг (JUSRF) соғлиқни сақлаш бўйича қўмитаси раиси Кеничи Матсумото билан учрашди.
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди. Мулоқотда икки давлат ўртасида тиббиёт, тиббий таълим ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокида амалга оширилаётган “Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этиш” лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун, умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа 2025-2032 йилларга мўлжалланган. Унинг доирасида Неврология ва нейрореабилитация миллий тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш, Самарқанд ва Бухоро тиббиёт олийгоҳлари клиникаларини ускуналар билан таъминлаш, шунингдек, мутахассисларни ўқитиш кўзда тутилган.
Вазир шифокорларимизни нейрохирургия ва нейрореабилитация бўйича Япониянинг етакчи клиникаларида ўқитиш, ўрта тиббиёт ходимлари учун қўшма таълим ва стажировка дастурларини ташкил этишдан манфаатдорлигини, илғор технологиялар, амалий кўникмалар ва беморларни парваришлаш усулларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилишини, тегишли муассасалар билан бевосита алоқалар ўрнатишда Жамғарманинг кўмагига ишонч билдирган.
Шунингдек, фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик масаласига ҳам диққат қаратилди. Бу борада Япония ваколатли органлари рўйхатга олган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни белгиланган талаблар асосида тан олиш тартиби орқали рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилгани қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни изчил давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА