Тиббиёт фидойилари тақдирланди
Инсон саломатлиги ва ҳаётини асраш йўлида туну кун меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг фидокорона хизматларини эътироф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамиятимизда эзгу анъанага айланган. Жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимлигида юртимизда кенг нишонланадиган Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари учун байрам тадбири ва муносибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда пойтахтимиз аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, касалликларнинг олдини олиш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ шифокорлар, ҳамширалар ҳамда соғлиқни сақлаш тизими фаоллари иштирок этди.

Тадбир давомида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 100 нафардан ортиқ тиббиёт ходимини табриклаб, уларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғаларини топширди. Тадбир давомида шаҳар ҳокими тиббиёт ходимларининг аҳоли саломатлигини асраш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлидаги меҳнатини эътироф этди.

Қайд этилганидек, ушбу байрам тадбири ва тақдирлаш маросими шунчаки анъанавий учрашув эмас, балки ўз ҳаётини эл саломатлигига бахшида этган касб эгаларига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром намунасидир.

Зеро, тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш уларга нафақат куч-қувват бағишлайди, балки ўз вазифаларига янада масъулият билан ёндашишларига замин яратади. Бу каби тадбирлар пойтахтимиз соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва тиббиёт соҳаси вакилларининг жамиятдаги нуфузини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА