Тиббиёт чиқиндиларини бартараф этишда янги лойиҳа
Бугунги кунда тиббиёт чиқиндиларини қайта ишлаш энг долзарб масалалардан биридир. Бинобарин, Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгиланган.
Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда юртимизга амалий ташриф билан келган Американинг “Sayar LLC” компанияси делегацияси вакиллари ўртасидаги мулоқотда ҳам тиббиёт чиқиндиларини бартараф этишдаги муаммолар юзасидан фикрлар айтилди. Ташриф давомида, хорижий компания делегацияси аъзолари вилоятдаги қатор тиббиёт муассасалар, шу жумладан, Янги Наманган туманида жойлашган “Ойдин шифо” хусусий клиникасида бўлиб, тиббиёт чиқиндиларининг сақланиши, таркиби, миқдори ва ҳолати билан танишди.
[gallery-13542]
Учрашувда компания вакили Александр Флайкс ўзаро манфаатли таклифларни ўрганиб чиқишга ҳамда ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди. Чет эллик ҳамкор тиббиёт чиқиндиларини термик усулда бартараф этиш орқали иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси билан таништирди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари