Тиббиёт: Қуруқ ваъдалар қачонгача давом этади?
Фарғона вилояти Бағдод туманининг айрим қишлоқ оилавий поликлиникаларида тиббий хизмат кўрсатиш учун етарли шароит яратилмаган бўлиб, раҳбарлар қуруқ ваъдалар беришдан нарига ўтишмаяпти. Бир пайтлар вилоятдаги намунали бўлган тиббиёт маскани бугун хароба аҳволда. Аҳолининг бу борадаги мурожаатини сектор раҳбари ҳам, тегишли мутасаддилар ҳам амалий ҳал этмаётганини қандай тушуниш мумкин?
Фарғона вилояти Бағдод туманининг айрим қишлоқ оилавий поликлиникаларида тиббий хизмат кўрсатиш учун етарли шароит яратилмаган бўлиб, раҳбарлар қуруқ ваъдалар беришдан нарига ўтишмаяпти. Бир пайтлар вилоятдаги намунали бўлган тиббиёт маскани бугун хароба аҳволда. Аҳолининг бу борадаги мурожаатини сектор раҳбари ҳам, тегишли мутасаддилар ҳам амалий ҳал этмаётганини қандай тушуниш мумкин?
Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, хизмат кўрсатиш маданияти ва сифати яхшиланишига эришилмоқда. Тиббиёт соҳаси моддий-техник базаси замонавий мезонлар асосида такомиллаштирилди, энг чекка ҳудудлардаги шифо масканлари ҳам жаҳоннинг энг илғор тиббий жиҳозлари билан таъминланди. Ўз навбатида ҳудудларда давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида ҳудудларда нодавлат шаклидаги шифохоналар қад ростлаётгани қувонарлидир.

Айни жараёнда Фарғона вилоятида ҳам бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари – қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти такомиллаштирилиб, уларнинг негизида кўп тармоқли қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Афсуски, ушбу ўзгаришлар самараси чекка ҳудудларда унчалик кўзга ташланмаяпти. Шу боис тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлардан баҳраманд бўлмаётган бундай ҳудудлар аҳолиси ҳақли равишда ўз эътирозини билдирмоқда.

Бағдод тумани марказидан қарийб 25 километр масофадаги олис чўл ҳудудида жойлашган Каримбобо қишлоқ врачлик пункти 1998 йили барпо этилиб, ўз вақтида 30 нафарга яқин тиббиёт ходимлари ишлаган энг намунали қишлоқ врачлик пункти ҳисобланган. 2017 йили мазкур муассаса Матқулободдаги 7-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасининг филиалига айлантирилди. Туманнинг энг олис Чек Хитой ва Каримбобо қишлоқларида истиқомат қиладиган 6 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиши зарур бўлган муассасанинг ўзи бугун жиддий “муолажа”га муҳтож. Ҳозирги кунда бу ерда бир нафар умумий амалиёт шифокори, 8 нафар патронаж ҳамшираси ҳамда бир нафар кичик тиббий ходим фаолият кўрсатади.
– Қишда томидан чакки ўтадиган, қўлбола печка ёқиб иситиладиган, деворлари нураб ётган хоналарда, эски асбоб-ускуналар билан иш олиб боришга мажбурмиз, – дейди умумий амалиёт шифокори Қорияхон Ғофурова. – Шароит ёмонлиги учун ёш шифокорлар келиб, узоғи билан олти ойда кетиб қолади. Кунига 10-15 нафар бемор келади, бир нафар беморни қон босимини ўлчаш учун 3-4 чақирим пиёда юришим керак. Иложсизликдан тиббий ёрдам олиш учун ҳудуд аҳолиси қўшни Бувайда туманига қатнайди.

Муассаса ҳудудида яхши ният билан бошланган ижтимоий дорихона қурилиши чала қолиб кетган. Шу тариқа бу икки қишлоқ аҳолиси тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланиш ҳамда сифатли ва арзон дори-дармон таъминоти борасида жуда ҳам азият чекмоқда. Қизиғи, шифо маскани учун қоровул штати ажратилмаган. Кечалари шифокор опа ёки унинг ўғиллари бир-икки маротаба келиб хабар олиб кетишади. Иккита муқобил иситиш қозонининг бири бузилиб ётибди, икккинчиси ҳам абгор ҳолатга тушиб қолган. Ҳудуд майдонини ёввойи ўт босган, ҳимоя деворлари нураб ётибди, ҳовлидаги ишлатилган тиббий жиҳозларни зарарсизлантириш жойи мутлақо талабга жавоб бермайди.
Шу кунга қадар ҳудуд аҳолиси мазкур филиални яна қишлоқ врачлик пунктига айлантириш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилмаган идора қолмади. Қишлоқдаги мактаб директори Соҳиба Каримованинг айтишича, мурожаатлар асосида мутахассислар қайта-қайта келиб вазиятни обдон ўрганишди. Ваъдалар кўп маротаба такрорланди, лекин ҳалигача бирор-бир амалий натижа йўқ.

7-сонли қишлоқ оилавий поликлиниканинг ўзида эса тор доирадаги мутахассислар етишмайди. Шунинг учун ҳам Каримбобода яшовчи аҳоли у ерга мурожаат қилмай қўйган.
–Ҳаво совиши билан хоналар музлаб кетади. Ўзимиз қўлбола печка ўрнатиб, кун бўйи тутун ҳидида ўтириб ишлаймиз, – дейди патронаж ҳамшираси Шоҳиста Ҳошимова. – Қиш мавсумида электр таъминоти деярли бўлмаслиги сабабли иссиқ чой дамлаб ичишга имкон тополмаймиз. Ҳозирда ўзи электрни ўчиши бошланди. Телевизор кўриб, янгиликлардан хабардор бўлиб бориш аллақачон ширин орзуга айланган. Бугунги кунда ҳудудимизда 25 нафар ҳамширалар
иш йўқлиги учун уйида ўтирибди. Биз эса шундай ибтидоий шароитда ишлашга ҳам кўникиб қолганмиз...Ҳудудда 1119 нафар туғиш ёшидаги аёллар, сурункали касалликлардан азоб чекувчи, ногирон ва кам таъминланган оилалар бор. Болалар ва ўсмир ёшлар билан ишлашда ҳам қийинчиликлар кўп учрайди. Аҳоли ўртасида тиббий-профилактик суҳбатлар ташкил этишда ҳам жуда қийналамиз.

–Кечалари ҳам уйимга ёрдам сўраб келишади, – дея суҳбатимизни давом эттиради шифокор Қ. Ғофурова. – Шу сабабли биринчи тиббий хизмат кўрсатишда ёрдам берадиган дори воситаларини ўз иш ҳақимдан олиб қўяман. Чунки энг қийин ҳолатда бемор шифокорга ишониб, умид қилиб келади. Бу ҳудуд аҳолиси тиббий хизматдан жуда ҳам норози. Кўплаб мутасаддилар тиббиёт масканимиздаги муаммоларни ҳал этишга ваъда беришади-да, кейин ҳеч қандай натижа бўлмайди. Бунга ҳам ўрганиб қолдик. Қуруқ ваъдалардан рости чарчадик.
Мана, кузнинг сўнгги ойи ҳам ўтиб бормоқда. Аммо мазкур филиалда мавсумга тайёргарлик кўрилмаган. Маблағ ажратилмаганлиги боис туман тиббиёт бирлашмаси имконият даражасида иш олиб бормоқда. Баҳона, сабаб топиш осон, аммо муаммога ечим керак эмасми аслида. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тез орада ушбу шифо масканининг абгор ҳолатига эътибор қаратади деган умиддамиз.