Тиббий жиҳозларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Сирдарё вилоятида йирик миқдордаги стоматология жиҳозларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Вилоят божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тиббий жиҳозларнинг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган навбатдаги тезкор тадбир ўтказди.
Тезкор маълумотлар асосида кузатувга олинган фуқаро бошқарувидаги автотранспорт воситаси Гулистон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, белгиланган тартибда чуқур кўздан кечирилди.

Текширув жараёнида автомашина юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатларсиз ва сифати кафолатланмаган стоматология жиҳозлари мавжудлиги аниқланди.
Жами 120 турдаги 17 минг 477 дона тиббий буюмнинг умумий қиймати қарийб 371 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув давомида товарларнинг келиб чиқиш манбаси, етказиб бериш занжири ҳамда жавобгар шахслар аниқланмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан таъкидланишича, тиббий маҳсулотларнинг ноқонуний айланмаси аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин бўлиб, бундай ҳолатларга қарши курашиш бўйича назорат тадбирлари изчил давом эттирилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири