Божхоначиларни чалғитишга уриниб кўрди
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида йўловчи божхона декларациясини тўлдириб, ўзлари билан олиб кирилган нақд валюта маблағларини қайд этиши шарт. Ушбу маблағлар мамлакат ҳудудида белгиланган тартибда фойдаланилганидан сўнг, қолдиқ қисмини қонуний равишда олиб чиқиш имконияти мавжуд.
Мазкур талаблар амалда бўлишига қарамай, уларни четлаб ўтишга уриниш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, “Сирдарё” чегара божхона пости орқали чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқароси божхона назорати ходимлари томонидан шубҳали ҳаракатлари сабабли тўхтатиб қолинган.
Тезкор текширувлар давомида аниқланишича, мазкур шахс ўз тасарруфидаги 24,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валютани чегарадан ноқонуний олиб чиқиш мақсадида олдиндан режалаштирилган схемани қўллаган. У маблағларни ягона ҳолда кўрсатмаслик учун уларни ўз ён-атрофидаги уч нафар йўловчига қисман тақсимлаб берган ҳамда ушбу маблағларни улар номига тегишли деб кўрсатиш орқали божхона назоратини чалғитишга уринган.
Божхона назорати ходимларининг тезкор ва касбий ҳушёрликлари натижасида ушбу қонунбузарлик ўз вақтида аниқланди ҳамда ноқонуний уринишга чек қўйилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар чегарадаги божхона назоратни четлаб ўтишга уриниш сифатида баҳоланиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жиноят иши қўзғатилган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири