Тиббий хизмат аҳолига яқинлашмоқда
“Бир бемор одамнинг дардига дармон бўлиб, унинг соғлиғини тикласак, ҳаётга қайтарсак, билингки, бу билан бутун оиланинг бахтини, келажагини таъминлаган бўламиз”.
Бу фикрни давлатимиз раҳбари яқинда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида алоҳида қайд этди. Кейинги пайтда мамлакатда энг кўп ислоҳотлар ўтказилаётган тизимлар – таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўлди. Айниқса, коронавирус пандемияси соғлиқни сақлаш тизимидаги асл ҳолатни намоён қилиб, қайси жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатиб қўйди. Аҳоли саломатлиги таъминланмаса, барча мақсад ва вазифаларга эришиш қийинлиги намоён бўлди. Шунинг учун ҳар йили соҳага оид фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда, Президентнинг тиббиёт ходимлари билан учрашув ва мулоқотлари ўтказилаётир. Ва албатта, соҳа учун ажратилаётган маблағ салмоғи бир неча баробар ортиб, тиббиёт ходимларига эътибор кучайди.

Бу эътиборни бугун нафақат пойтахт ва вилоятлар марказларидаги йирик шифохона ва тиббий марказлар, балки энг олис қишлоқлардаги тиббиёт пунктлари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Фикримизни Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш тизими мисолида таҳлил қиламиз. Бугун тиббиётдаги энг муҳим масалалардан бири – бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш. Тўғри-да, жонимиз оғриса, вужудимизда бирор ўзгариш сезсак, аввало ўзимиз яшаб турган жойдаги поликлиникага мурожаат қиламиз, оилавий шифокорга кўринамиз. Кейин унинг тавсия асосида даволанамиз ёки тегишли муассасага мурожаат қиламиз. Шунинг учун бугун тиббиётдаги ислоҳотларда бирламчи тиббий хизматга ҳар қачонгидан кўп эътибор қаратилмоқда.

– Биргина жорий йилда вилоятда 11 та янги оилавий шифокорлик пункти ва поликлиникалар очилди – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзов. – Йил якунигача яна 13 та оилавий шифокорлик пункти ва 1 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади. Шу пайтгача бу ҳақида гапириш ноўрин эди, аммо энди айта оламиз – бирламчи тиббиёт муассасалари 120 турдаги дори-дармон воситалари билан таъминланди. Илгари поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктларида номигагина кундузги стационар бўлар, у ҳам куннинг иккинчи ярмида деярли очилмасди. Энди эса бу жойларда кун давомида ва кечки пайт ҳам аҳолига керакли тиббий хизмат кўрсатилади. Ушбу йўналишга эътибор кучайиши билан поликлиникаларда 969 та қўшимча ўрин ташкил этилиб, уларнинг сони 1701 тага етказилди. Олис ҳудуддаги оилавий шифокорлик пунктларига 28 нафар шифокор ишга қабул қилинди. Улар давлат томонидан берилган бир қатор имтиёзлардан фойдаланмоқда. Ойлик маошига устама қўшиб берилмоқда. Оилавий шифокорлик пункти ва поликлиникалардан олисда жойлашган маҳаллаларда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бу йил давлатимиз раҳбари ташаббуси билан контейнерлардан махсус тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Вилоятимизда юзга яқин шундай масканлар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган эди. Лекин мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб ҳамда ҳокимликларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида вилоят бўйича олис маҳаллаларда 210 та тиббиёт пункти ташкил этилди. Бунинг натижасида 750 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди.
Жумладан, Нуробод, Пайариқ туманларида ўттиздан ортиқ контейнер пунктлар очилди. Бундан ташқари, жорий йилда олис ва чекка ҳудудларда аҳолини мақсадли скрининг текширувларидан ўтказиш мақсадида 2 та “Isuzu” автобуси зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, мобил поликлиникалар ташкил этилди. Бу эса жойларда тиббий кўрик ва скрининг текширувларини ўтказиш учун қўл келмоқда. Жумладан, аёллар саратони касалликларини эрта аниқлаш бўйича скрининг тадбирларида 379 минг нафар аҳоли қамраб олинди. Диабетик, юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш бўйича скрининг тадбирларига эса 861 минг нафар аҳоли жалб қилинди.
Аҳолининг ихтисослашган тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида бу йил Булунғур, Иштихон, Ургут ва Пахтачи туманларида туманлараро қўшма шикастланиш марказлари ишга туширилди. Бу ушбу ҳудудларда яшовчи юртдошларимизнинг турли травматологик ва ортопедик шикастланишлар билан вилоят марказига қатнашларидек оворагарчилигига чек қўйди. Худди шундай, тўрт ҳудуд – Ургут, Пайариқ, Пастдарғом, Каттақўрғонда туманлараро перинатал марказлари ташкил этилмоқда. Шу пайтгача Каттақўрғон шаҳридаги туманлараро перинатал марказ учун ажратилган бино капитал таъмирдан чиқарилиб, тўлиқ жиҳозланди ва фаолияти йўлга қўйилди. Самарқанд давлат тиббиёт университети акушерлик-гинекология кафедраси профессор-ўқитувчилари жойига бориб марказ ходимлари малакасини оширмоқда.
Шунингдек, марказлар шифокорлари Россия Федерациясининг Академик В.И.Кулаков номидаги Миллий акушерлик, гинекология ва перинатология илмий тадқиқот маркази маркази ходимлари томонидан ўқитилди. Дарвоқе, бу йил вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида чақалоқлар неонатал хирургия ва кардиохирургия бўлимлари ташкил қилинди. Бугунги кунга қадар ушбу бўлимларда 400 нафардан ортиқ чақалоқда юқори-технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Марказда болалар гемодиализ бўлими ҳам ташкил қилиниб, вилоятлараро бемор болаларга гемодиализ хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида вилоятда кейинги беш йил давомида оналар ва гўдаклар ўлими кескин камайди.
Вилоятда кейинги йилларда етакчи тиббиёт муассасалари, ихтисослашган тиббий марказлар томонидан юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш йўлга қўйилди. Ўз навбатида ижтимоий кўмакка муҳтож бемор кишиларнинг бундай жарроҳлик амалиётидан фойдаланиши учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмоқда. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар, сектор раҳбарлари ва депутатларга мурожаатлар асосида йил бошидан буён 4150 нафар беморда имтиёз асосида шундай операция ўтказилди. Эътиборлиси, бу каби ишлар мунтазам давом этади.
Келгуси йилда вилоятда 12 та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиника очилади. Натижада 135 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилади. 1 миллион 102 минг нафар аҳоли диабетик, юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш бўйича, 500 минг нафар аёллар саратон хасталикларини эрта аниқлаш бўйича скринингдан ўтказилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА