Тиббий таълимда халқаро ҳамкорлик
Бухоро давлат тиббиёт институтида таълим ҳамда тиббиёт соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида олий ўқув юрти 10 дан ортиқ нуфузли халқаро олий таълим муассасаси, илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган. Институт эндиликда Қозоғистоннинг яна бир етакчи олий ўқув юрти билан муваффақиятли келишувга эришди.
Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети дунё рейтингида ТОП-1000 талик рўйхатга киритилган. Кўлам ва нуфузи жиҳатидан халқаро миқёсда ҳам етакчилар қаторида бормоқда. Ушбу олий ўқув юрти билан имзоланган “Академик мобиллик дастури” доирасида қозоғистонлик саккиз нафар профессор Бухоро давлат тиббиёт институтига ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрди. Режага мувофиқ, қўшни мамлакатдан келган олимлар бир ҳафта давомида талабалар, магистрлар ҳамда клиник ординатура йўналиши талабаларига маҳорат дарсларини ўтишади. Янги илмий тадқиқотларни олиб бориш масаласида ўзаро тажриба алмашишади.
[gallery-16591]
Маълумот учун: ушбу олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари сўнгги беш йилда янада ривожланди. Унга кўра, таълим ва тиббиётда талабаларининг ўқув жараёни интеграциясини йўлга қўйиш, академик мобилликни янада кенгайтириш, ўқитувчилар билан маҳорат алмашишда яхшигина натижаларга ҳам эришилмоқда. — Биз бу институт ҳақида университетимиз билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамлангандан сўнг янада кўпроқ маълумотга эга бўлдик, - дейди Қозоғистон миллий университети доценти Аида Кистаубаева. — Ушбу тиббиёт олий ўқув юрти Ўзбекистонда 4-ўринни эгаллаяпти. Бу жуда яхши кўрсаткич. Қолаверса, муассасада яратилган шарт-шароитлар талабаларга сифатли таълим бериш учун катта аҳамиятга эга. Шу жойнинг ўзида симуляция маркази ташкил қилингани ҳам энг илғор тажрибаларга асосланган. Бизнинг олийгоҳимиз Бухоро давлат тиббиёт институти билан алоқаларни мустаҳкамлаб бораётгани ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишонаман.
Эътиборли жиҳати, икки олий таълим муассасаси ўртасида эндиликда янги магистратура йўналиши, қўшма таълим дастури асосида Бактериология ва вирусология мутахассислиги очилиши ҳам бугун юртимизда малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади. Бу йўналишни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга халқаро даражадаги магистрлик дипломи берилиши назарда тутилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари