The Economic Times: Ҳиндистон ва Ўзбекистон муҳим минераллар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиради
Ҳиндистоннинг “The Economic Times” нашри Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида тоғ-кон соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мавзусига оид мақола эълон қилди.
Материалда икки давлат геология ресурси ва уран соҳасида шерикликни чуқурлаштиришга келишиб олгани қайд этилган. Шунингдек, томонлар муҳим минералларни излаш ва ўзлаштириш бўйича умумий имкониятни ҳам муҳокама қилган.
Нашр Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида тоғ-кон ва геология ресурслари бўйича англашув меморандуми шарти келишилганига эътибор қаратган. Энди томонлар ушбу ҳужжатни тез фурсатда қабул қилиш, режани аниқ лойиҳага айлантириш йўлларини кўриб чиқмоқда.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Ғарб ишлари бўйича котиби Сиби Жорж матбуот анжуманида билдирган маълумотга кўра, битимни имзолаш ва ҳаётга татбиқ этиш учун делегациялар алмашинуви йўлга қўйилади. Муаллиф умумий саъй-ҳаракатни махсус комиссия механизми орқали ривожлантириш ғояси илгари сурилаётганига ҳам урғу берган.
“The Economic Times” уран йўналишидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратган. Ушбу соҳа икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг янги йўналиши сифатида кўрсатилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида шериклик кўлами кенгайиши ҳам қайд этилган. Хусусан, уруғчилик, томчилатиб суғориш, боғдорчилик ҳамда шўрланган шароитда экин етиштириш бўйича қўшма ишлар ривожлантирилади.
Қишлоқ хўжалиги тадқиқоти бўйича Ҳиндистон кенгаши ва мамлакатимиз Миллий қишлоқ хўжалиги билими ва инновация маркази айни йўналишда ҳамкорлик ўрнатмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА