Техникум ташкил қиладиган тадбиркорларнинг харажатлари солиғидан чегириб берилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.
Жорий йил илк бор 13 та стратегик компания активига эга Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз улуши Тошкент ва Лондон фонд биржаларига чиқарилди. Мазкур тажриба хусусий сектор учун ҳам ташқи капитал бозорларга йўл очди.
Энди маҳаллий корхоналарни капитал бозорига олиб чиқиш учун нуфузли инвестиция банклари билан акселерация дастури йўлга қўйилади. Ҳар йили даромади 1 триллион сўмдан юқори бўлган 50 та корхона танлаб олинади.
Уларни IPOга тайёрлаш, ҳисоботларини халқаро стандартларга мослаштириш харажатининг ярми қопланади. Бу хусусий корхоналарга четдан йилига камида 1 миллиард доллар жалб қилиш имконини беради.
Президентимиз ҳар йили 50 миллиард долларлик юқори технологиялик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётганини қайд этиб, уларда кадр тайёрлаш компоненти бўлиши шартлигини таъкидлади.
– Ҳар бир лойиҳанинг самараси фақат технологияга эмас, уни ишлата оладиган малакали кадрларга боғлиқ, – деди давлатимиз раҳбари.
Урганчда Германия ва Хитой тажрибаси асосида ўқувчиларни “яшил” энергетика, қурилиш, ҳамширалик, агрономлик, электротехника каби 10 турдаги касбга йўналтириш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тажриба республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.
Техникум ташкил қиладиган ёки давлат техникумини олиб халқаро стандарт асосида кадр тайёрлайдиган тадбиркорларнинг харажатлари солиғидан чегириб берилади. Шу тизим орқали 1 миллион ёшни замонавий касбларга ўргатиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсад қилинган.
ЎзА