«Гендер тенглик фаоли» танлови ғолиблари аниқланди
Боёвут туманида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, гендер тенглик тамойилларини кенг тарғиб этиш ва бу борадаги самарали тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган «Гендер тенглик фаоли» миллий танлови ўтказилди.
Танловда туманда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида ташаббус кўрсатаётган ташкилотлар иштирок этди.

Беллашув жараёнида иштирокчиларнинг амалга оширган ишлари, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган лойиҳалари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари баҳоланди.
Танлов якунига кўра, «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман ташкилоти» номинацияси бўйича Боёвут тумани 2-сонли техникуми жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ташкилот» номинациясида Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси, «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол нодавлат-нотижорат ташкилот» номинациясида эса Республика Маънавият ва маърифат марказининг Боёвут туман бўлими жамоаси ғолиб деб топилди.

Танловда эътироф этилган ташкилотлар фаолиятида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун тенг имкониятлар яратиш, ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ишлар муҳим ўрин тутди.
Танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири