Техникалар ҳам, маҳсулот ҳам ўзимизники (+видео)
Олмалиқ кон-металлургия комбинати – мис-молибден, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда етакчи ҳисобланади. Мис маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30 та йирик корхоналар сафига киради.
Айни пайтда комбинатда бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” инвестиция дастурини ишга тушириш ишлари давом этиб, лойиҳа доирасида корхонага бир қатор замонавий технологик кон транспорт воситалари олиб келинаётир. Куни кеча комбинат технопаркига Белоруссиянинг “БелАЗ” русумли кон техникасидан қолишмайдиган яна 2 дона - 240 тоннагача юк кўтариш қудратига эга бўлган, маҳаллийлаштириш дастури асосида “Нурафшон –махсус-тeхника” МЧЖда ишлаб чиқарилган НМТ-240 русумли автогигантлар келтирилди.
Мазкур техникалар конлардан тоғ жинсларини олиб чиқиш, технологик юкларни ташиш билан шуғулланади. Технологик транспорт бошқармаси тасарруфида 119 дона 130 ва 220 тонналик, шунингдек, 54 та 30 тонна юк кўтариш имконига эга бўлган автосамосваллар мавжуд. “Ёшлик-1” конининг жадал суратларда ўзлаштирилишида, яъни бўш тоғ жинсларини очиб, коннинг маъданга бой бўлган қисмига тезроқ етиб борилишида албатта, йирик кон техникаларининг хизмати беқиёс.
Биргина 220 тонналик автосамосвал 24 соат мобайнида ўртача 1798 м.куб тоғ жинсларини ташийди.“Ёшлик-1” конини ўзлаштириш натижасида биринчи босқичда (2021-2025 йй.) 300 минг тонна, иккинчи босқичда (2024-2028 йй.) 400 минг тонна, учинчи босқичда (2026-2030 йй.) 500 минг тонна мис катоди ишлаб чиқарилади. Ҳозирда мазкур объект қурилишида 23 минг қурувчи ва 500 дан ортиқ махсус техника ишламоқда. “Ёшлик-1” кони ва мис бойитиш фабрикаси фойдаланишга топширилгандан сўнг 6 мингта янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, давлат бюджетга йилига қўшимча 300 миллион доллардан зиёд солиқ тушумлари таъминланади. Экспорт 500 миллион долларга ортади.
– ОКМК раҳбарияти корхона таркибидаги бошқармаларни имкон қадар ўзимизда ишлаб чиқарилган транспорт воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда, – дейди комбинатнинг Технологик транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Ниёзметов. – “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳаси доирасида 2023 йилда Технологик транспорт бошқармасига тоғ-кон жинсларини қазиб олишда кўмаклашувчи 10 та кончилик механизмлари ва ёрдамчи техникалар олиб келинди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/AtEDkJl8gsU" title="Texnikalar ham, mahsulot ham oʻzimizniki" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бир сўз билан айтганда, замонавий транспорт воситалари инновацион технологиялар асосида ишлаб, кўплаб амалиётларда жисмоний куч талаб этмайди. Энг муҳими, юқори иш унумдорлигини таъминлайди.
Санжар Тошпўлатов,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА