Тест жараёни шаффоф ўтмоқда
Айни кунлар абитуриентлар учун муҳим палла. Боиси ғалвир кўтариладиган пайт. Тест имтиҳонлари давом этмоқда. Ҳар бир абитуриент орттирган билим ва тажрибаларини синовдан ўтказмоқда. Олийгоҳ талабаси бўлиш учун ҳаракат қилмоқда.
Жорий йилги мавсумда Қашқадарё вилоятида 8 та бинода, 97 минг 878 нафар абитуриент тест топшириши белгиланган. 1-13 август кунлари 2 сменада тест жараёнлари давом этади.
[gallery-13096]
Абитуриентлар имтиҳонга шаффофликни таъминлаш мақсадида шахсни идентификация қилиш қурилмаси орқали ўтказилмоқда. Шахси аниқланмаган абитуриентлар планшетлар ёрдамида аниқланмоқда. Шахси умуман аниқланмаганлар тест синовларидан четлаштирилмоқда.
– Вилоят бўйича жами 129 та гуруҳда 152 дона стационар, 11 та ПТЗ камералари ўрнатилган, – дейди билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Анвар Ўткиров. – Ота-оналар ва жамоатчилик томонидан кузатиш учун барча бинолардаги жараён тўлиқ test2023.uz сайти орқали онлайн узатиб борилмоқда. Тест синовларида жами 284 нафар олий маълумотли, олий таълим ҳамда халқ таълими профессор ўқитувчилари назоратчилик қилмоқда. Абитуриентлар сув ҳамда ручка билан таъминланган. Шунингдек, тиббиёт, электр тармоқлари, телеком, ҳокимликлар, олий таълим, фан ва инновациялар ҳудудий бошқармаси томонидан узлуксиз навбатчилик ташкил этилган. Барча бинолардаги кутиш залларида катта экранли мониторлар ўрнатилган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.