Термизда жамоат транспорти яна 30 та янги автобус билан тўлдирилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Термиз шаҳрида аҳолига кўрсатилаётган жамоат транспорти хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган навбатдаги амалий лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Шаҳар кўчаларида 30 та янги, замонавий «Zhongtong» русумли автобус йўловчилар хизматига чиқарилди.
Мазкур автобуслар «UNIVERSAL ELEKTRO TEXNIK SERVIS» МЧЖ томонидан харид қилинган бўлиб, янги транспорт воситаларининг йўналишларга чиқарилиши шаҳарда жамоат транспорти паркини босқичма-босқич янгилаш имконини бермоқда.
[gallery-31033]
Янги автобусларни қатновга чиқаришга бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди. Тадбирда шаҳар аҳолиси учун замонавий, қулай ва сифатли транспорт хизматларини йўлга қўйиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини янада ошириш муҳим вазифалардан экани таъкидланди.
Замонавий автобусларнинг ҳаракат таркибига қўшилиши Термиз шаҳрида жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш билан бирга, аҳоли ва меҳмонларнинг шаҳар бўйлаб эркин ва қулай ҳаракатланиши учун қўшимча имкониятлар яратади.
Транспорт соҳасидаги бундай янгиланишлар шаҳар инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли учун янада қулай шаҳар муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА