Меҳр-саховат тадбирлари давом этмоқда
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Навбаҳор тумани Қалқон ота маҳалласида жойлашган 10-оилавий поликлиникада энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги арафасида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Федерациянинг Навбаҳор ва Кармана туман жамиятлари ҳамкорлигида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси остида ташкил этилган тадбир доирасида ҳудуддаги йигирмата эҳтиёжманд оилага байрам совғалари улашилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Шундан сўнг, поликлиника ҳудудида аҳоли саломатлиги йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган оқ халат соҳиблари ҳамда маҳалладаги кам таъминланган оилалар вакиллари иштирокида байрам тадбири ташкил этилди.
– Юртимизда ҳамиша ўзаро меҳр-оқибат, саховат, азалий қадриятларимизни эъзозлаш каби халқимизга хос эзгу фазилатлар улуғланиб келинган, – дейди меҳнат фахрийси Барноқул Ҳамроев. – Эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги тадбир ҳам ана шундай эътиборнинг бир кўринишидир. Масъулларимиз биз кексалар ҳолидан доимий хабар олиб туришади. Поликлиникамиз ходимлари уйимизга келиб соғлигимизни назорат қилишади. Керакли дори-дармонларни бериб кетишади.

Тадбир давомида иштирокчилар ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди. Унда мустақиллик йилларида халқимиз учун яратилаётган имкониятлар ва шароитлар кўлами кенгайиб бораётгани, истеъмолчилар ҳуқуқлари доимий қонун ҳимоясида экани, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
– Мазкур поликлиника икки қаватли бинода фаолиятини давом эттириб келмоқда, – дейди Федерациянинг Навбаҳор туман жамияти раиси Фотима Зиёева. – Тиббиёт муассасасида 60 дан ортиқ ишчи-ходим қарийб 12 минг нафарга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Поликлиника жамоаси билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Янги ўқув йили олдидан ташкилотимизга аъзо бўлган ходимларнинг фарзандларига мактаб формаси, ўқув қуроллари тақдим этдик.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамда туман ва шаҳар жамиятлари томонидан бу каби хайрли тадбирлар давом этмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири