Термизда Ёшлар сайилгоҳи иш бошлади
Президент ташаббуслари – амалда
Термиз шаҳрида узоқ йиллар эътибордан четда қолган “Бобур” боғи негизида “Ёшлар сайилгоҳи” бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.
Президентимиз раислигида шу йилнинг 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳага доир қатор масалаларга эътибор қаратилиб, ҳудудларда ёшлар сайилгоҳлари ва ижод кўчалари ташкил қилиниши лозимлиги ҳам таъкидланган эди.
Мазкур ташаббус доирасида Термиз шаҳридаги эскирган боғ ўрнида ёшлар учун замонавий сайлгоҳ бунёд этишга киришилди. Ўтган қисқа даврда қарийб уч ярим гектар ҳудудда йирик қурилиш–ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Бу жараёнда фаол ёшларнинг ташаббус ва таклифлари ҳам инобатга олинди.
Аҳолининг, хусусан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни китобхонликка чорлаш, маданий-кўнгилочар тадбирлар ҳамда концерт- томошалар ташкил этишда бу каби сайилгоҳларнинг аҳамияти катта.
Янги лойиҳани амалга ошириш чоғида 700 ўринли амфитеатр, учта залдан иборат 147 ўринли кинотеатр, 500 ўринли умумий овқатланиш шохобчаси, мусиқали фаввора, турли аттракционлар, болалар майдонлари қурилди. Эндиликда бу ерда бунёд этилган мингдан ортиқ китоб фондига эга бук-кафе, ўттиз ўринли киберспорт ҳудуди ҳам ёшларнинг севимли масканларидан бирига айланади.
Сайилгоҳнинг очиқ майдонларида шахмат-шашка, стол тенниси мусобақалари ўтказиш учун барча шароит яратилган. Бир сўз билан айтганда, сайилгоҳда оила ёки дўстлар даврасида мазмунли дам олиш учун ҳамма шароит бор.
–Бу ерга энди тез-тез келиб турамиз,–дейди Термиз шаҳридаги 17-мактаб ўқувчиси Абдулходий Абдурасулов.– Авваллари инсон киришга тортинадиган кўримсизгина боғ эди. Эндиликда кўркам ва обод масканга айланибди. Энг муҳими, китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш ва маданий ҳордиқ чиқариш учун жуда сўлим жой бўлибди. Айниқса, бўш вақтимизни мазмунли ўтказиш учун барча қулайлик яратилганидан жуда қувондик.
Бир кунда 3 минг кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган сўлим сайилгоҳ ишга туширилиши билан 100 кишининг бандлиги таъминланди. Янги қиёфада бўй кўрсатган боғда мавжуд дарахтлар парваришига ҳам эътибор кучайтирилди. Уч ярим минг туп турли дарахт кўчати экилди.
[gallery-14661]
Сайилгоҳни фойдаланишга топшириш маросимида қурилиш–ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этган бир гуруҳ қурувчиларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов, Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари