Термизда шоу-тадбир ташкил этилди
Сурхондарё вилоятида сиёсий партияларнинг сайловолди тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Сурхондарё вилоятида сиёсий партияларнинг сайловолди тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан Термиз шаҳридаги амфитеатрда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!“ шиори остида ўтказилган шоу-тадбирда ҳам муҳим сиёсий кампания олдидан ўтказилаётган сайловолди тарғибот тадбирининг аҳамияти, партиянинг сайловолди дастури мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Унда партия фаоллари, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари ва партияга хайрихоҳ бўлган фаол фуқаролар, ёшлар иштирок этди.


“ЎзЛиДеП“ вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи А.Рўзиев “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар!“ шиори остида ташкил этилаётган бу йилги сайловлар Ватанимиз тарихи ва кейинги беш йилликнинг юксалиш босқичларида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, партия ушбу жараёнда белни маҳкам боғлаб, иштирок этишга бор кучини сафарбар этаётганини қайд этди.
– Янги қабул қилинган Сайлов кодексига мувофиқ ташкил этилаётган муҳим сиёсий кампания ўтган сайловларга кўра ҳам очиқ, ошкора ва қизғин рақобат асосида кечади, – дейди “ЎзЛиДеП“ сиёсий кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони А.Нарзуллаев. – Бунда умумэътироф этилган тамойилларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга мувофиқ партиямиз мамлакатимиз тараққиётида етакчи кучга айланган фермер ва тадбиркорлар манфаатларини кучли ҳимоя қилиш, хусусий секторни янада ривожлантириш орқали халқимиз фаровонлигини янада оширишни мақсад қилган. Партиямизнинг сайловолди дастурида, шунингдек, жамиятимиз ҳаётининг бошқа тарафларини юксалтириш ҳам ўз аксини топган. Ўйлаймизки, бу парламент ва маҳаллий Кенгашларда ўз ўрнимизни эгаллашда муҳим ўрин тутади.


Тадбирда партия томонидан ўртага ташланган сиёсий саволларга тезкор, аниқ жавоб берган иштирокчиларга совғалар улашилди. “ЎзЛиДеП“ аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозовнинг концерт дастури намойиш этилди.