Термизда пилла ғумбагидан эфир мойи олинади
Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи”да Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати, “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида “Пиллачилик тармоғида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар” мавзуига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда вилоят “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари кейинги йилларда мамлакатимизда соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва қўлланилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Президентимизнинг шу йил 3 майдаги “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Қайд этилдики, ипак қурти боқишда бой тажрибага эга вилоятнинг тутчилик хўжаликлари 3 миллион 800 минг, пиллачилик кластерлари 2 миллион 900 минг ва аҳоли томарқасида 6 миллион туп тут парваришланмоқда.
Жорий йил ҳосили учун 3 минг 880 та фермер хўжалигининг 23 минг 550 пиллакори ва 8 минг 650 касаначи билан ипак қурти боқиш учун шартнома тузилган. Ипак қурти Вьетнам тажрибаси асосида интенсив усулда плёнка остида парваришланаётган илк йилда вилоят пиллакорлари 35 минг 547 қути ипак қуртини боқиб, 2 минг 100 тоннадан ортиқ сифатли хомашё териб олишни мўлжалламоқда.

Вилоятда “Surxon ipagi” ва “Inter silk pro” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги пиллачилик кластери фаолият юритмоқда. “Huashen silkworm pro” ипак қурти уруғчилиги, “Silk Road-Tex” ипакли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Мазкур корхоналар 277 миллион сўмликдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариб, 5 миллион 800 минг доллар қийматидаги рақобатбардош маҳсулотни экспорт қилди.

--Пилла чиқитсиз технологияга эга ноёб маҳсулот,--дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг Пилла тайёрлаш ва бирламчи ишлов бериш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жафарбек Жўрақулов.- Вилоятда соҳани янада ривожлантириш учун Термиз шаҳрида қиймати 6,4 миллион долларлик саноат усулида ипак гилам ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилмоқда. Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларининг ҳар бирида қиймати 1,5 миллион долларлик пиллачилик кластерлари ташкил қилинаётир. Шунингдек, Термиз шаҳрида ипак қурти ғумбагидан эфир ёғи олиш йўлга қўйилмоқда.
Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири