Термизда гиёҳвандликка қарши тарғибот юриши ўтказилди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида вилоятдаги куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ва ёшлар иштирокида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида тарғибот юриши ташкил этилди.
“Ватанпарварлар” боғидан бошланган юриш шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб Мустақиллик майдонига қадар давом этди. Мазкур тадбир аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчаларни кенгайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилди.
Мустақиллик майдонида давом этган тадбирда сўзга чиққанлар гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги, оила фаровонлиги ва жамият тараққиётига салбий таъсири хусусида тўхталди. Ёшларни турли зарарли иллатлардан асраш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом ҳаётга интилишини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир доирасида фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари ҳамда Термиз гарнизони ҳарбий оркестрининг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари намойиш этилди. Бу эса тадбирга ўзига хос кўтаринки руҳ бағишлади.
[gallery-32015]
Мазкур ташаббус ёшлар ўртасида гиёҳвандликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларни соғлом турмуш тарзига ундаш, ватанпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА