Имтиёз бизнесга, қулайлик аҳолига — Янги Тошкентдаги улкан бунёдкорликнинг асл мантиғи
Тирбанд чорраҳада соатига қараб безовталанаётган ҳайдовчи, боласини мактабга олиб боришга шошаётган ота-она, йил сайин тиғизлашиб бораётган мавзелар. Булар дунёдаги йирик шаҳарларда тез-тез кузатиладиган ҳолатлар. Шундай манзара азим пойтахтимиз учун ҳам бегона эмас.
Аҳоли сони ошгани сайин Тошкент шаҳри инфратузилмаси бу босимни кўтаришга қийналаётгани сир эмас. Айнан шу кундалик зўриқиш Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудидаги қарийб 20 минг гектар майдонда қурилиши жадал давом этаётган Янги Тошкентни пойтахтнинг нафасини ростловчи ҳаётий заруратга айлантирмоқда.
Мамлакат тарихидаги энг йирик бу шаҳарсозлик лойиҳасининг бош вазифаси амалдаги Тошкентнинг юкини енгиллатишдир. Тасдиқланган мастер-режага кўра, янги шаҳар 2 миллион нафар аҳоли яшашига мўлжалланган. Биринчи босқичнинг ўзида 6 минг гектар майдонда 600 минг киши учун зарур инфратузилма яратилиб, қиймати 50 миллиард долларга тенг илғор технологик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бу юз минглаб оилаларнинг уй-жой масаласи билан бирга, марказга қатнаб ишлаш мажбуриятини камайтирадиган янги маъмурий, ишбилармонлик ва маданий нуқталар шаклланишини англатади.
Янги ҳудуд одамлар учун чинакам қулай масканга айланиши аввало транспорт ва экология ечимига боғлиқ. Пойтахт билан узилиш юз бермаслиги учун икки шаҳарни боғловчи метро линияси, кўприклар, туннеллар ҳамда ер усти ва ер ости велойўлаклари барпо этилмоқда. Экологик талаб эса фақат пойтахтдаги “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида кўчат экиш билан чекланмайди. У янги шаҳарнинг меъморий пойдеворига сингдирилган. Бу ерда қад ростлаётган барча объектлар энергия ва сув тежамкор халқаро “яшил бино” мезонларига жавоб бериши шарт.
Йирик қурувчилар экологик талабдан тежаб қолишга уринмаслиги учун молиявий рағбат ҳам назарда тутилган. Қиймати жуда юқори бўлган нотурар жой лойиҳаларининг халқаро “яшил” сертификат олиш харажатлари давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилади.
Бироқ замонавий шаҳарни фақат бюджет маблағи эвазига эмас, балки йирик хусусий сармояни жалб этиш орқали барпо этиш мумкин. Шу мақсадда инвесторлар учун алоҳида ҳуқуқий муҳит яратилди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 10 ноябрдаги тегишли фармони билан Янги Тошкент ва махсус ҳудудларда йирик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг “давлат – инвестициявий шерик” тамойилига асосланган махсус ҳуқуқий тартиби йўлга қўйилди, – деди Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов. – Қиймати камида 50 миллион доллар бўлган лойиҳалар ташаббускорлари учун кўплаб имтиёзлар пакетлари тақдим этилмоқда. Бу имтиёзлар қисқа муддатли фойда ортидан қувувчиларни эмас, балки узоқ йиллар давомида ишлайдиган йирик капитални жалб қилишга қаратилган.

Бундан ташқари, бош пудратчи ва лойиҳа ташкилотлари хорижий компаниялардан сотиб олинадиган хизматлар учун қўшимча қиймат солиғи тўламайди, қайта инвестиция қилинган дивидендлар эса 2040 йилга қадар солиқдан озод қилинади. Бошқача айтганда, бизнес топган даромадини шаҳардан олиб чиқиб кетмай, яна шу ерда янги иш ўринлари ва хизматлар яратишга йўналтириши иқтисодий жиҳатдан манфаатли қилиб қўйилди.
Лойиҳа аллақачон амалий жадал қурилиш босқичига ўтиб улгурди. Ўтган қисқа даврда Янги Тошкентда “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг дастлабки босқичи, “Соҳил боғи”, 2 минг ўринли мактаб ва Савдо-саноат палатаси биноси фойдаланишга топширилди. Айни пайтда олий таълим кампуслари, Миллий кутубхона, йирик спорт стадиони ва Deep Tech Park каби инновацион масканлар қурилиши энг сўнгги босқичларда.
Уй-жой, мактаб, боғ, университет ва технологик марказнинг бир ҳудудда уйғунлашуви янги шаҳарни тўлақонли ҳаёт қайнайдиган муҳитга айлантиришга хизмат қилади.
Янги Тошкентнинг асл қиймати бугун эълон қилинаётган миллиардлаб долларлик режалар ёки солиқ имтиёзлари билан белгиланмайди. Бу сўзимиз бошида таъкидлаганимиздек, тирбанд чорраҳаларнинг енгиллашиши, тоза ҳаво, ота-оналар фарзандини уйига яқин мактабга асабийлашмай, соя-салқин хиёбон бўйлаб кузатиб қўйиши каби омиллар билан баҳоланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА