Термизда болажонлар учун сув шоуси ташкил этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароитида аҳоли, айниқса, болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу мақсадда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташаббуси билан республиканинг барча ҳудудларида сув шоулари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Термиз шаҳридаги «Фаровон» массивида бўлиб ўтди. Термиз шаҳар ҳокимлиги ҳамда шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда болалар сув пуркагичлар остида қувонч билан ўйнаб, ёзги таътилнинг мароқли лаҳзаларини ўтказди.
[gallery-30479]
Тадбир давомида болажонлар учун хавфсиз ва қулай шароит яратилиб, уларнинг мазмунли дам олишига алоҳида эътибор қаратилди. Қувноқ мусиқа, сув пуркагичлар ва болаларнинг беғубор кулгуси ёзнинг жазирама кунларида иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни иссиқ ҳаво таъсиридан муҳофаза қилиш ва ёзги таътилни мазмунли ўтказишга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА