«TalabaExpo–2026»га тайёргарлик қизғин
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро давлат университетида 21 июль куни ўтказиладиган «TalabaExpo–2026» касб ярмаркасини юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда университет раҳбарияти, факультетлар деканлари, бўлим ва департаментлар раҳбарлари иштирок этиб, тадбирни ташкилий жиҳатдан пухта ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
«TalabaExpo–2026» касб ярмаркаси Ўзбекистон Миллий банки, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларни иш берувчилар билан тўғридан-тўғри боғлаш, касбий йўналишини белгилаш ҳамда ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
[gallery-30490]
Йиғилишда, шунингдек, 21 июль куни ўтказиладиган мактаб ва техникум битирувчилари учун «Очиқ эшиклар куни» тадбирларини юқори савияда ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Айни пайтда университетнинг «Универсал» спорт мажмуасида ярмаркага тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Тадбир доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси, иш берувчилар билан учрашувлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар бўйича маслаҳат майдончалари ташкил этилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА